ҚР Президенти МХҚ раисига қатор топшириқлар берди
Давлат раҳбарига қўмита томонидан жорий йилнинг учинчи чораги бошидан буён амалга оширилган ишларнинг асосий якунлари, зиммасига юклатилган вазифаларнинг бажарилиши ва келгуси даврга мўлжалланган режа ҳақида маълумот берилди.
Қасим-Жомарт Тоқаевга Қозоғистон ҳудудида теракт содир этишни режалаштирган радикал гуруҳ қўлга олингани ҳақида маълум қилинди. Террористик жиноятлар бўйича 7 та терговга қадар тергов ҳаракатлари бошланган ва 3 нафар экстремист судланган.
Ермек Сағимбаевнинг сўзларига кўра, МХҚнинг Террорга қарши кураш маркази томонидан терроризмга қарши кураш чораларини такомиллаштириш мақсадида 103 та ўқув машғулотлари ташкил этилган.
Бундан ташқари, Давлат раҳбарига криминоген вазиятни яхшилаш натижалари ҳақида маълумот берилди. Жумладан, 5 нафар жиноий гуруҳнинг жамиятга таҳдид солувчи ҳаракатларига чек қўйилди. Ноқонуний қурол савдоси билан боғлиқ 2 та канал бартараф этилди. Миллий хавфсизлик идоралари полиция билан биргаликда қурол яширинган 12 та жойни аниқлади. Жами 59 та қурол, 3 та граната ва 3339 дона ўқ-дорилар мусодара қилинди.
Гиёҳванд моддаларга қарши кураш жараёнида 7 та лаборатория, 8 та халқаро ва минтақавий гиёҳванд моддалар савдоси йўналиши тўсиб қўйилди. 660 килограммдан ортиқ гиёҳвандлик воситалари ва 17 тоннадан ортиқ прекурсорлар мусодара қилинди.
Шунингдек, давлат чегарасини қўриқлаш ва ноқонуний миграцияга қарши курашиш соҳасида 4257 нафар ҳуқуқбузарлар ушланган. 3,8 миллиард тенгедан ортиқ валюта ва товарларни ноқонуний олиб ўтишга йўл қўйилмади. Шунингдек, қурол-яроғ, ўқ-дорилар ва гиёҳванд моддаларни олиб ўтишга қаратилган 120 та уринишнинг олди олинди.
Ахборот хавфсизлигини таъминлаш жараёнида мамлакатнинг энг муҳим инфратузилма объектларига 36 миллиондан ортиқ киберҳужум ва 866 та DDoS ҳужуми қайтарилди.
Учрашув якунида Қасим-Жомарт Тоқаев миллий хавфсизлик органлари фаолиятининг йўналишлари бўйича қатор аниқ топшириқлар берди.