ҚР Президенти МДҲга аъзо давлатлар раҳбарларининг норасмий учрашувида иштирок этди

None
ASTANA. Кazinform – Президент МДҲга аъзо давлатлар раҳбарларининг норасмий учрашувида иштирок этди, дея хабар беради Кazinform Ақорда расмий сайтига таяниб.

Қозоғистон Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев билан бирга Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев, Арманистон Бош вазири Никол Пашинян, Беларусь Президенти Александр Лукашенко, Қирғизистон Президенти Садир Жапаров, Россия Президенти Владимир Путин, Тожикистон Президенти Эмомали Раҳмон, Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев МДҲга аъзо давлатлар раҳбарларининг норасмий учрашувида иштирок этди.

Давлат раҳбари Санкт-Петербургда бўлиб ўтадиган давлат раҳбарларининг учрашуви МДҲ доирасидаги ҳамкорликнинг долзарб масалалари юзасидан фикр алмашиш, келгусида амалга ошириладиган вазифаларни белгилаш учун яхши имконият яратишини таъкидлади.

Қасим-Жомарт Тоқаев Қозоғистон МДҲга раислик қилиш доирасида Ҳамдўстлик салоҳиятини мустаҳкамлаш бўйича қатор аниқ чора-тадбирларни амалга оширганини таъкидлади.

– Йил давомида 80 дан ортиқ йирик тадбирлар ўтказилди. Иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш, яқин гуманитар алоқаларни сақлаш ва Ташкилот нуфузини оширишга қаратилган кўплаб ташаббуслар амалга оширилди. Октябр ойида Астана саммити якунлари бўйича қабул қилинган ҳужжатларда биргаликдаги саъй-ҳаракатларимиз яққол намоён бўлди. Йил давомида, биринчи навбатда, МДҲни 2030 йилгача иқтисодий ривожлантириш стратегияси вазифаларини амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилди. Бу йўналишдаги ишлар муваффақиятли бўлди. Қозоғистон ва МДҲга аъзо давлатлар ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми январ-октябр ойларида 11 фоизга ўсиб, қарийб 30 миллиард долларга етди. Ўтган йилнинг шу даврида у 26,5 миллиард долларни ташкил қилган эди. Ўсиш тахминан 5 миллиард долларни ташкил этди. Бу яхши тенденция, деди Давлат раҳбари.

Ҳудудлараро товар айирбошлаш суръатини сақлаб қолиш, иқтисодий сиёсатни бугунги шароитга мослаштириш муҳим, деди Президент. Шунингдек, у МДҲга аъзо давлатлар раҳбарлари эътиборини қуйидаги долзарб вазифаларни ҳал этишга қаратди.

– Савдо учун қулай шарт-шароитлар яратишга алоҳида эътибор қаратиш лозим. Бунинг учун тариф ва тарифсиз тўсиқларни бартараф этиш, протектционизмнинг олдини олиш бўйича ишларни комплекс тарзда амалга ошириш зарур, деб ҳисоблаймиз. Озиқ-овқат хавфсизлиги масалалари билан боғлиқ ҳаракатларни бошлаш керак. Келаси йили Астана шаҳрида бўлиб ўтадиган МДҲга аъзо давлатлар вазирларининг конференцияси бу борадаги умумий ёндашувларни кўриб чиқишга бағишланади. Бу соҳадаги вазирлар фаол иштирок этишига ишонамиз. МДҲ маконида транспорт-логистика лойиҳалари самарадорлигини ошириш учун ҳамкорликнинг янги механизмлари ва форматлари зарур. Айни пайтда «Шимол-Жануб» халқаро йўлагининг аҳамияти ортиб бормоқда, шунингдек, «Қозоғистон-Туркманистон-Эрон» темир йўли муҳим транспорт йўналиши сифатида муҳим ўрин тутмоқда, - деди Президент.

Давлат раҳбари навбатдаги муҳим йўналиш сифатида хавфсизлик соҳасидаги фаолиятни қайд этди. Қозоғистон раислиги доирасида қабул қилинган 2023-2025 йилларга мўлжалланган терроризм ва экстремизмга қарши курашиш бўйича ҳамкорлик дастури ана шу вазифаларни бажаришга тўла мос келади.

– Ташкилотни ҳозирги глобал шароитга мослаштириш учун унинг салоҳиятини мунтазам ошириб бориш, Ҳамдўстлик давлатларининг халқаро майдондаги обрўсини мустаҳкамлаш зарур. Яқин келажакда МДҲ ҳузурида Кузатувчи ва Ҳамдўстлик ҳамкори институтларини ташкил этиш билан боғлиқ ҳужжатларни ишлаб чиқиш ишлари бошланади. МДҲ ҳудудида умумий маданий-гуманитар ҳамкорлик ва тиллар кўламини кенгайтириш катта аҳамиятга эга. Санкт-Петербургга 2023 йилда Ҳамдўстлик маданий пойтахти расмий мақомининг берилиши МДҲга аъзо давлатлар ўртасидаги маданий алоқаларни мустаҳкамлашга хизмат қилади, - деди Қасим-Жомарт Тоқаев.

Давлат раҳбари Қасим-Жомарт Тоқаев Владимир Путинга уни учрашувга таклиф қилгани ва меҳмондўстлик кўрсатгани учун миннатдорлик билдирди. Шунингдек, у Садир Жапаровга Қирғизистон Республикасининг МДҲдаги раислигида муваффақиятлар тилади.

Сўнгги хабарлар