ҚР Президенти Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг VI Маслаҳат учрашувининг кенгайтирилган мажлисида иштирок этди

ASTANA. Kazinform – Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг VI Маслаҳат учрашуви кенгайтирилган таркибда давом этди. Учрашувда фахрий меҳмон сифатида Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев ва БМТ Бош котибининг махсус вакили, Марказий Осиёда превентив дипломатия бўйича минтақавий марказ раҳбари Каха Имнадзе иштирок этди.

Ақорда
Фото: Ақорда

Давлат раҳбари таъкидлаганидек, олтинчи бор ўтказилаётган Маслаҳат учрашуви томонлар қардош халқлар ўртасидаги кўп асрлик дўстликни мустаҳкамлаш, кўп томонлама ҳамкорликни янада кенгайтириш ва халқаро майдонда ҳамкорликни мустаҳкамлашга интилаётганидан далолатдир.

Ақорда
Фото: Ақорда

“2018 йилда Астана шаҳрида бўлиб ўтган биринчи учрашувдан буён биргаликдаги саъй-ҳаракатлар туфайли ушбу учрашувни ривожлантиришда сезиларли ютуқларга эришилди. Минтақавий ҳамкорликни янада кенгайтириш бўйича муҳим қарорлар қабул қилинган аввалги бешта саммитнинг хулосалари бунинг ёрқин далилидир”, – деди Давлат раҳбари.

Қозоғистон Президенти дунёдаги мураккаб жараёнлар шароитида минтақавий ҳамкорликни янада ривожлантириш бўйича ягона позицияни шакллантиришни муҳим деб ҳисоблайди.

“ХХI асрда Марказий Осиёни ривожлантириш бўйича дўстлик, яхши қўшничилик ва ҳамкорлик тўғрисидаги шартнома”нинг аҳамияти тобора ортиб бормоқда. Давлатларимиз кўп қиррали тузилмалар, биринчи навбатда, БМТ доирасида умумий позициялардан келиб чиқиб иш олиб бориши керак. Агар мамлакатларимиз ўз салоҳиятини бирлаштирса, биз Барқарор ривожланиш мақсадлари кун тартибини амалга оширишга салмоқли ҳисса қўшишимиз мумкин. Ушбу муҳим мақсадни қўллаб-қувватлаган ҳолда, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг 80 йиллиги арафасида Марказий Осиёда барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш бўйича БМТ Бош Ассамблеясининг резолюциясини қабул қилиш ташаббуси билан чиқишни таклиф қиламан. Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг олий мартабали вакили жаноб Каха Имнадзенинг мазкур саммитда иштирок этиши яхши анъанага айланиб, “Марказий Осиё – БМТ” йўналишида яқин ҳамкорликка йўл очади, деб умид қиламан”, – деди Давлат раҳбари.

Президент кўп томонлама ҳамкорликнинг мустаҳкам иқтисодий асосини шакллантириш долзарб вазифалардан бири, деб ҳисоблайди.

Ақорда
Фото: Ақорда

“Марказий Осиё мамлакатларида ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш учун кенг имкониятлар мавжуд. Экология ва иқлим ўзгаришига қарши кураш соҳасидаги ҳамкорлик жуда муҳим. Барча давлатлар худди шундай муаммоларга дуч келишмоқда. Шу боис ҳамкорликни кенгайтириш, мувофиқлаштирилган ишларни кучайтириш ва иқлим кун тартибидаги масалалар юзасидан тажриба алмашиш муҳим аҳамиятга эга. Фурсатдан фойдаланиб, Озарбайжон Президенти, азиз дўстимиз Илҳом Ҳайдар Ўғлига шу йилнинг кузида CОР29 глобал иқлим конференциясини муваффақиятли ўтказишини тилайман”, – деди Қасим-Жомарт Тоқаев.

Президент Қозоғистоннинг минтақавий ҳамкорликни ҳар томонлама мустаҳкамлашга қаратилган стратегик йўналиши ўзгармаслигини тасдиқлади. Шунингдек, бугунги кунда қабул қилинган қарорлар ва уларнинг келажакда самарали ҳаётга татбиқ этилиши асрлар оша илдиз отган дўстлик ва ўзаро ёрдам руҳидаги кўп томонлама шериклигимизни янада чуқурлаштиришга хизмат қилишига ишонч билдирди.

Ақорда
Фото: Ақорда

Учрашувда Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев ва БМТнинг Марказий Осиёда превентив дипломатия бўйича минтақавий маркази раҳбари Каха Имнадзе сўзга чиқди.

Саммит якунида Қасим-Жомарт Тоқаев маслаҳат йиғилиши раиси сифатида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевни Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Фахрий нишони билан тақдирлади.

Ақорда
Фото: Ақорда
Ақорда
Фото: Ақорда
Сўнгги хабарлар