ҚР Президенти ҚТЖ раҳбарини қабул қилди
АSTANА. Kazinform – Давлат раҳбари «Қазақстан темір жолы» МК» АЖ ("Қозоғистон темир йўли") бошқаруви раиси Талғат Алдибергеновни қабул қилди, деб хабар беради Ақорда матбуот хизмати.
Қасим-Жомарт Тоқаевга компаниянинг ўтган йилда амалга оширган ишлари натижалари ҳақида ахборот берилиб, келгуси даврга мўлжалланган режалари тақдим этилди.
Талғат Алдибергенов тариф юк айланмаси 10 фоизга ошгани ва 289 миллиард тонна-километрни ташкил этганини маълум қилди. Юк ташиш ҳажми 5,5 фоизга кўпайиб, 320 миллион тоннага етган. Экспорт юк ташуви 89 миллион тоннага ошган. Юк транзити 20 фоиздан зиёд ўсиб, 33 миллион тонна бўлган.
Президентга ўтган йили фойдаланишга топширилган Дўстлик – Мўйинти темир йўлининг иккинчи линияси орқали 6 миллион тонна ёки 100 минг вагондан ортиқ юк етказилгани ҳақида ахборот берилди. Алмати бекатини айланиб ўтадиган темир йўлдаги техник ҳаракатга рухсат берилди.
Темир йўл инфратузилмаларини жалб қилиш ва янгилаш ишлари давом этмоқда. Лойиҳаларнинг умумий узунлиги 3900 километрни ташкил этади.
Қасим-Жомарт Тоқаевга компания фаолиятида хавфсизлик, самарадорлик ва очиқликни таъминлаш учун сунъий интеллектни жорий этиш орқали рақамли лойиҳалар амалга оширилаётгани айтилди.
Мураббийлик институти йўлга қўйилиб, ёшлар кадрлар резерви шакллантирилган.
Президент ижтимоий масалаларни ҳал этишнинг аҳамиятини таъкидлаб, темирйўлчилар учун арзон уй-жой қуриш ташаббусини қўллаб-қувватлади.
Давлат раҳбари "ҚТЖ" МК" акциядорлик жамиятини трансформация қилишни давом эттириш, йирик хорижий компаниялар билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш, рақамли ечимларни жорий этиш, мультимодал логистикани ривожлантириш мақсадида инфратузилмаларни кенгайтириш бўйича топшириқ берди.