ҚР Президенти Қозоғистоннинг Евроосиёдаги транзит хаб сифатидаги ролини ошириш бўйича топшириқ берди
ASTANA. Kazinform – Давлат раҳбари Қасим-Жомарт Тоқаев Манғистау вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масалаларига бағишланган йиғилиш чоғида Қозоғистоннинг Евроосиёдаги транзит хаб сифатидаги ролини янада ошириш зарурлигини таъкидлади, деб хабар беради Ақорда матбуот хизмати.

“Мамлакатимизнинг транзит салоҳиятини оширишда Манғистау вилояти муҳим ўрин тутади. Бу Шарқ ва Ғарб, Шимол ва Жануб ўртасидаги халқаро транспорт йўлаклари кесишган ноёб жой. Биз денгиз инфратузилмасини, жумладан, Ақтау ва Қурик портларини ривожлантиришга алоҳида аҳамият берамиз. Ушбу портлар Транскаспий халқаро транспорт коридорининг асосий тугунларидан бири ҳисобланади.
Сўнгги йилларда мазкур йўлак орқали юкларни етказиб бериш муддати уч баробарга қисқарди. Транспорт харажатлари барқарорлашди. Илғор технологиялар кенг миқёсда жорий этила бошланди. Халқаро логистика компаниялари мамлакатимиз транспорт соҳасига сармоя киритишга қизиқиш билдирмоқда. Улар, айниқса, денгиз портларини ривожлантиришга сармоя киритишдан манфаатдор. Ҳукумат вилоят ҳокимлиги билан биргаликда хорижий инвесторлар билан фаол иш олиб бориши керак”, – деди Президент.
Давлат раҳбари транспорт, темир йўл ва денгиз порти инфратузилмасини жадал ривожлантириш бўйича ҳам топшириқлар берди.
“Қозоғистоннинг Евроосиёдаги асосий транзит хаб сифатидаги ролини янада ошириш зарур. Транспорт, темир йўл ва денгиз порти инфратузилмасини ривожлантиришга қаратилган лойиҳаларни амалга оширишни жадаллаштириш зарур. Қурик-Жетибай автомобиль йўлида жорий йилда таъмирлаш ишлари якунланади. Энди Туркманистон йўналиши бўйлаб транспорт имкониятларини ошириш зарур. Жорий йилда Жанаўзендан Туркманистон чегарасигача бўлган йўлни Кендирли орқали таъмирлашни бошлашни топшираман. Вокзалларни модернизация ва янгилаш ишлари бошланди. Мамлакат бўйлаб 125 та вокзални таъмирлаш режалаштирилган. Буларга Манғистау, Бейнеу, Шетпе станциялари киради. Йўловчилар, айниқса, мустақил ҳаракатланишда қийналаётган фуқаролар учун қулай шароитлар яратилади. Бу чора-тадбирлар, шубҳасиз, минтақа ва бутун мамлакат бўйлаб транспорт алоқаларини яхшилайди.
Олти йилдан бери ишламай турган “Бейнеу дон терминали” жорий йилнинг январь ойида ишга туширилди. Энди у бир вақтнинг ўзида 100 минг тонна дон сақлаши мумкин. Шунингдек, кунига 150 тонна ун, 50 тонна ем ишлаб чиқариш имконияти ҳам мавжуд. Модернизациядан сўнг бу кўрсаткичлар 400 тонна ун ва 100 тонна емгача оширилади. Дон терминали қувватини ошириш ва тўлиқ ишлашини таъминлаш зарур”, – деди Қасим-Жомарт Тоқаев.