ҚР Президенти HHLA бошқаруви раиси Ангела Титцратни қабул қилди
Давлат раҳбари Қасим-Жомарт Тоқаев HHLA компанияси бошқаруви раиси Ангела Титцрат билан учрашди, деб хабар беради Kazinform.

HHLA (Hamburger Hafen und Logistik) компанияси раҳбари билан учрашувда Қозоғистон ва Германия ўртасида транспорт ва логистика соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш истиқболлари муҳокама этилди.
Давлат раҳбари ушбу компания Германияда транспорт-логистика соҳасини ривожлантиришда муҳим ўрин тутишини таъкидлаб, унинг Қозоғистонда филиал очиш қарорини мамнуният билан қабул қилди.
Қасим-Жомарт Тоқаевнинг айтишича, бу саноат Қозоғистон учун катта стратегик аҳамиятга эга. Чунки мамлакат Евроосиёдаги асосий транзит хаб сифатидаги мавқеини мустаҳкамлаш ниятида.
Суҳбат чоғида Қозоғистон қуруқ ва суюқ юкларни ташиш учун янги танкерлар харид қилиш, шунингдек, Каспий денгизидаги Ақтау ва Қуриқ портларини модернизация қилиш учун маблағ йиғишдан манфаатдор экани қайд этилди.
HHLA Европанинг етакчи логистика компанияси ҳисобланади. Компания Гамбург, Одесса, Таллинн, Триест шаҳридаги денгиз портлари терминаллари, шунингдек, уларга уланган Марказий ва Шарқий Европадаги интермодаль марказлар тармоғига эга.