ҚР Президенти Фан ва олий таълим вазирини қабул қилди
Давлат раҳбари Фан ва олий таълим вазири Саясат Нурбекни қабул қилди, деб хабар беради Кazinform агентлиги Ақордага таяниб.
Йиғилишда Президент топшириқларини бажариш мақсадида 2023-2029 йилларда олий таълим ва фанни ривожлантириш концепцияси қабул қилингани маълум қилинди. Ҳужжатда мазкур тармоқни ривожлантиришнинг стратегик мақсадлари ва кўрсаткичлари белгилаб берилган.
Вазирнинг сўзларига кўра, жорий йил сентябрдан бошлаб Қозоғистонда бакалавриат таълим йўналишлари бўйича стипендиялар миқдори 20 фоизга, магистратура ва докторантурада эса 15 фоизга ошди.
Олий ўқув юртлари профессор-ўқитувчиларининг маоши 160 минг тенгедан 350 минг тенгега, миллий университетларда эса бу кўрсаткич 228 минг тенгедан 400 минг тенгега ошган.
Шу билан бирга, талабалар турар жойидаги ўринлар тақчиллиги уч бараварга, яъни 2022 йилдаги 55 050 тадан 2023 йил октябрь ойида 17 488 тага камайди.
Қасим-Жомарт Тоқаевга олий таълим соҳасида инфратузилма ва рақамли архитектурани ривожлантириш, жумладан, Ал-Фаробий номидаги КазМУ ва Л.Н.Гумилёв номидаги ЕМУ кампуслари қурилиши ҳақида маълумот берилди.
Вазирлик рақамли университет моделини ишлаб чиқмоқда. Талабалар Coursera глобал онлайн таълим платформасида билим олиш имконига эга бўлдилар. 40 000 нафари аллақачон сертификат олган. Платформадаги 100 та асосий курсни қозоқ тилида ўқиш мумкин.
Давлат раҳбарига Қозоғистоннинг жаҳон таълим соҳасида фаол ўрин олаётгани ҳақида маълумот берилди. QS рейтингига 21 та олий таълим муассасаси, Times Higher Education рейтингига эса 4 та университет киради.
Йил охирига қадар мамлакатда фаолият юритаётган етакчи хорижий университетларнинг филиаллари сони саккизтага етказилади. Халқаро компаниялар билан ҳамкорликда сунъий интеллект соҳасида кадрлар тайёрлаш бошланди.
“Касбим – келажагим” лойиҳаси доирасида ҳудудларда кадрларга бўлган эҳтиёж юзасидан форсайт-тадқиқотларини ўтказиш бўйича лойиҳа офислари очилмоқда.
Қасим-Жомарт Тоқаевга берган маълумотларига кўра, Миллий фанлар академиясининг институционал роли тобора кучайиб бормоқда. Президент ҳузуридаги Фан ва технологиялар миллий кенгаши иш бошлади.
Олимларнинг ўртача иш ҳақи 2 баробарга ошиб, 252 минг тенгега етди. Фундаментал тадқиқотлар билан шуғулланувчи илмий-тадқиқот институтлари бевосита молиялаштирилди. 2023-2025 йилларга мўлжалланган фаннинг умумий бюджети 3,3 баробарга ошиб, 643 миллиард тенгени ташкил қилди.
Қ.Сатбаев номидаги Қозоғистон миллий техника тадқиқот университети олимлари 99,5 фоиз тозаликдаги селенни ажратиб олиш технологиясини ихтиро қилди.
Ушбу кимёвий элемент тиббиёт, электроника ва шиша ишлаб чиқаришда кенг қўлланилади. Мазкур янгилик туфайли Қозоғистон ушбу нодир метални янада қулайроқ нархда экспорт қилиши мумкин.
Йиғилиш якунида Давлат раҳбари таълим даражасини ошириш, инновацияларни рағбатлантириш ва илмий тадқиқотлар сифатини ошириш, шунингдек, талабалар турар жойидаги ўринлар тақчиллигини камайтириш бўйича қатор топшириқлар берди.