ҚР Президенти: Давлат учун транспорт соҳасининг стратегик аҳамияти беқиёс

ASTANA. Kazinform – Давлат раҳбари транспорт соҳасидаги ходимларни мукофотлади. Бу ҳақда Ақорда матбуот хизмати хабар берди.

Мемлекет басшысы көлік саласының қызметкерлерін марапаттады
Фото: Ақорда

Президент аввало транспорт соҳаси ходимларини касб байрами билан табриклаб, уларни мамлакат тараққиётига катта ҳисса қўшаётган ҳақиқий меҳнаткаш инсонлар деб таърифлади.

“Давлат учун транспорт соҳасининг стратегик аҳамияти беқиёс. Транспорт тизими ҳар бир давлатнинг тараққиётининг кўрсаткичи саналади. Шу сабабли бу соҳани устувор йўналиш сифатида қабул қиламиз. Транспорт воситалари – иқтисодиётнинг ҳаракатлантирувчи кучи, ривожланиш кафолатидир, деб айтсак муболаға бўлмайди. Мамлакатимизда бу соҳада улкан имкониятлар мавжуд, ҳатто бетакрор десак бўлади. Қозоғистон – Евроосиёдаги асосий транзит хаблардан бири. Ҳозирда биз Транс-Каспий халқаро транспорт йўлагини жадал ривожлантиряпмиз. Бу – Хитой, Марказий Осиё ва Европа ўртасида юк ташишнинг энг қисқа йўлидир. Ўтган йили Сиань шаҳрида транспорт-логистика марказини очдик. Ушбу лойиҳа “Бир макон, бир йўл” глобал ташаббуси доирасида Хитой билан ҳамкорликда амалга оширилди. Бу қадам халқаро юк ташиш ҳажмини оширишга хизмат қилмоқда”, – деди Қасим-Жомарт Тоқаев.

Президент Қозоғистон ҳудудидан ўтувчи транспорт коридорларининг инфратузилмасини босқичма-босқич яхшилаш ишлари олиб борилаётганини айтди.

“Логистика марказлари ва омборхоналар қурилмоқда. Темир йўл қурилиши фаоллашган. Бундай муҳим чора-тадбирлар ташқи савдо айланмасини оширишга, иқтисодиётни ривожлантиришга ҳисса қўшади. Жорий йилда “Достиқ – Мойинти” темир йўлининг иккинчи йўналиши қурилиши якунланади. Бу туфайли юк ҳажми беш баробарга ортади. Ушбу катта лойиҳани асосан ўз мутахассисларимиз амалга ошираётганини ҳам алоҳида таъкидлаш лозим. Шунингдек, йил якунига қадар Алмати бекатини айланиб ўтувчи темир йўл ҳам фойдаланишга топширилади. Бу орқали юк босими камайиб, етказиб бериш муддати қисқаради. Транспорт ва юк ташиш соҳаси замонавий, илғор ва рақобатбардош бўлиши керак. Шу боис, келгусида мамлакатимиздаги темир йўллар узунлигини жиддий ошириш кўзда тутилган. 11 минг километр темир йўлни таъмирлаш ишлари давом эттирилади. Қўшимча равишда 5 минг километр йўл қуриш ва янгилаш режалаштирилган. Ҳозирда “Транс-Қазақстан” темир йўл коридори лойиҳаси амалга оширилмоқда. Менинг топшириғим билан узунлиги 323 километр бўлган “Мойинти – Қизилжар” темир йўли қуриляпти. Бундан ташқари, “Дарбаза – Мақтаарал” ва “Аягўз – Бақти” темир йўл ўтказмалари қурилиши ҳам жадаллик билан кетмоқда”, – деди Давлат раҳбари.

Мемлекет басшысы көлік саласының қызметкерлерін марапаттады
Фото: Ақорда

Қасим-Жомарт Тоқаевнинг таъкидлашича, яна бир муҳим йўналиш – машинасозлик сектори.

Дунёдаги етакчи компанияларни жалб этган ҳолда маҳаллий ишлаб чиқаришни ривожлантириш муҳим аҳамиятга эга.

“Ҳозирда Қозоғистонда халқаро етакчи компаниялар фаолият юритмоқда. Йил бошида мен Астанадаги электровоз йиғиш корхонасига ташриф буюрдим. У ерда юк ва йўловчи ташувчи электровозлар ҳамда эҳтиёт қисмлар ишлаб чиқарилмоқда. Энг муҳими – бу муҳим ишларни ўз мутахассисларимиз амалга оширмоқда. Давлат бундай лойиҳаларга ҳар томонлама қўллаб-қувватлашни давом эттиради”, – деди Президент.

Давлат раҳбари ҳаво қатновини ривожлантириш транспорт сиёсатининг устувор вазифаларидан бири эканини таъкидлади.

“Бутун мамлакат бўйлаб авиация инфратузилмасини янгилаш учун кенг кўламли ишлар олиб бориляпти. Масалан, ўтган йили Алмати, Чимкент ва Қизилўрда шаҳарларида янги терминаллар фойдаланишга топширилди. Аэропортларнинг бандлик салоҳияти анча ортди. Илгари Алмати аэропорти йилига 2,5 миллион йўловчига хизмат кўрсата олар эди. Ҳозирда бу кўрсаткич 14 миллионга етди. Менинг топшириғим билан Зайсан, Катонқарағай ва Кендирлида учта янги аэропорт қуриляпти. Арқалиқ аэропорти қайта тиклана бошлади. Бундай лойиҳаларнинг амалга ошиши йўловчи оқимини кўпайтиришдан ташқари, логистика, туризм, савдо ва бошқа соҳаларни ҳам ривожлантиришга туртки беради. Ҳаво қатнови географиясини кенгайтириш мақсадида тизимли чоралар кўрилмоқда. Ҳозирда Қозоғистон дунёдаги 30 дан ортиқ давлат билан тўғридан-тўғри авиақатновларга эга. Бироқ бу етарли эмас. Бу борадаги ишлар давом эттирилади”, – деди Давлат раҳбари.

Қасим-Жомарт Тоқаев: «Энг муҳим вазифалардан бири – юк ҳаво қатновини ривожлантириб, Қозоғистонни минтақадаги етакчи авиация хабига айлантириш»

Президент Қасим-Жомарт Тоқаевнинг таъкидлашича, юк ташишга ихтисослашган миллий ҳаво компаниясини ташкил этиш режалаштирилмоқда.

Мемлекет басшысы көлік саласының қызметкерлерін марапаттады
Фото: Ақорда

“Ҳукумат миллий юк ташувчи авиакомпанияни яратиш режаси ҳақида эълон қилди. Умуман олганда, фуқаро авиацияси ва юк ташиш тизимига фақат транспорт хизмати сифатида қаралмайди. Бу соҳанинг аҳамияти анча кенг – у мамлакатнинг иқтисодий ўсишига, халқаро майдондаги ўрнига ва мустақиллигига бевосита таъсир кўрсатадиган стратегик йўналиш”, – деди Президент.

Давлат раҳбари автотранспорт йўлларини яхшилашга қаратилган кенг кўламли ишлар амалга оширилаётганини таъкидлади.

“Ўтган йили 7 минг километр автотранспорт йўли фойдаланишга топширилди. Талдиқорған – Ўскемен, Қарағанди – Алмати, Ақтўбе – Атирау – Астрахан йўналишидаги асосий трассалар янгиланди. Жойлардаги автомобиль йўллари ҳам таъмирланмоқда. Бундай кенг кўламли лойиҳа мамлакат тарихида илк бор амалга оширилмоқда. Бундан ташқари, бошқа йирик лойиҳалар ҳам рўёбга чиқарилмоқда. Ўтган йили аҳоли узоқ кутган Буқтирма сув омбори устидаги кўприк фойдаланишга топширилди. Бу – Қозоғистондаги энг узун кўприк. Мазкур кўприк икки вилоятни ва етти туманни боғлайди, шунингдек, Хитой ва Россия билан ҳам алоқани таъминлайди. Шақпақ баба тоғ довонида мамлакатдаги илк туннель фаолият бошлади. «Йўл – ҳаёт манбаи, йўл бор жойда ҳаёт қайнайди», деган гап бежиз айтилмаган. Бу иншоотлардан энг аввало халқ фойда кўради. Сифатли йўл фуқароларнинг турмуш даражасига ижобий таъсир кўрсатади.

Умуман олганда, Қозоғистонда транспорт ва транзит соҳаси жадал ривожланмоқда. Бу – сингдирган меҳнати билан мамлакат ривожига ҳисса қўшаётган сизлар каби фидойи инсонларнинг самараси. Ҳозир бу соҳада 770 мингдан ортиқ киши фаолият юритмоқда. Сизлар ҳалол меҳнат қилиб, Ватанимиз тараққиётига катта ҳисса қўшяпсизлар. Мен барча транспорт соҳаси ходимларига самимий миннатдорчилик билдираман. Биз барча биргаликда қонун ва тартибга асосланган Адолатли Қозоғистонни барпо этяпмиз. Бу – келажагимиз учун жуда муҳим масала ва биз уни албатта амалга оширишимиз керак. Транспорт соҳаси мутахассислари ўз вазифаларини сидқидилдан бажариб, давлат учун муҳим лойиҳаларда фаол иштирок этяпти. Келгусида ҳам эл манфаати йўлида хизмат қилишда давом этишларига ишонаман. «Меҳнат қилган элдан барака кетмайди», дейди халқимиз. Меҳнатсеварлик ва касбга садоқат – цивилизациялашган жамиятнинг белгиси. Меҳнаткаш инсон энг олий мукофотга муносиб”, – деди Қасим-Жомарт Тоқаев.

Мемлекет басшысы көлік саласының қызметкерлерін марапаттады
Фото: Ақорда
Сўнгги хабарлар