ҚР Президенти Бош вазир Олжас Бектеновга қатор топшириқлар берди
ASTANA. Kazinform – Давлат раҳбари Бош вазир Олжас Бектеновни қабул қилди, деб хабар беради Ақорда матбуот хизмати.

Қасим-Жомарт Тоқаевга иқтисодий ўсишни таъминлаш ва ижтимоий сиёсатни такомиллаштириш бўйича вазифаларнинг бориши ҳақида сўзлаб берилди.
Олжас Бектеновнинг сўзларига кўра, жорий йилнинг январь-ноябрь ойларида ялпи ички маҳсулотнинг ўсиши 4,4 фоизни ташкил этди. Иқтисодиётни диверсификация қилиш доирасида қишлоқ хўжалиги (13,4 фоиз), қурилиш (10,3 фоиз), савдо (8,2 фоиз), транспорт (8,1 фоиз), қайта ишлаш саноати (5,3 фоиз), шу жумладан металлургия (7,2 фоиз) ва машинасозлик (6,9 фоиз) фоиз), кимё саноати (8,4 фоиз), шунингдек, ахборот ва алоқа (5,3 фоиз) соҳаларида ўсиш кўзатилган.
Жорий йилда иқтисодий ўсишга нонефть тармоқларини ривожлантириш ҳисобига эришилди. Шунга қарамай, нефть қазиб олишнинг тахминий суръатларини бажармаслик иқтисодий ривожланишнинг умумий суръатига таъсир қилди.
Давлат раҳбарига маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш, чуқур қайта ишлашни рағбатлантириш борасида кўрилаётган чора-тадбирлар натижалари ҳақида маълумот берилди. Хусусан, ишлаб чиқарилган маҳсулотлар экспорти 10,2 фоизга ошиб, 23,3 миллиард долларга етди. Товар импорти кўрсаткичи 3,3 фоизга камайди.
Асосий капиталга киритилган инвестициялар ҳажми 3,1 фоизга ошди. Бу борада нонефть тармоқларида сезиларли ўсиш кузатилмоқда.
Президентга ишбилармонлик фаоллигини янада ошириш, ҳудудларда турмуш сифатини яхшилаш борасидаги ишларни кучайтириш бўйича режа тақдим этилди.
Учрашув якунида Қасим-Жомарт Тоқаев ишлаб чиқариш саноати, қишлоқ хўжалиги, қурилиш ва транспортда ижобий динамикани сақлаб қолиш йўналишидаги ишларни давом эттириш бўйича топшириқ берди. Шунингдек, инвестицияларни жалб қилиш, ижтимоий ва муҳандислик инфратузилмасини модернизация қилиш, импорт ўрнини босиш ва ижтимоий аҳамиятга эга озиқ-овқат маҳсулотлари нархларини барқарорлаштиришни назорат қилиш бўйича қатор топшириқлар берди.