ҚР Президенти Болалар ҳуқуқлари бўйича вакил Динара Закиевани қабул қилди

ASTANA. Kazinform – Болалар ҳуқуқлари бўйича вакил Президентга йил давомида болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва хавфсизлигини таъминлаш борасида амалга оширилган ишлар тўғрисида ҳисобот берди. Бу ҳақда Ақорда матбуот хизмати хабар берди.

Токаев Закиева
Фото: Ақорда

Қасим-Жомарт Тоқаев аёллар ва болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича қабул қилинган қонунчиликка киритилган ўзгартиришлар натижасида оиладаги зўравонликнинг олдини олиш чора-тадбирлари кучайтирилгани, болаларга нисбатан зўравонликнинг ҳар қандай турига нисбатан жазо чоралари кучайтирилганини таъкидлади. Қонун Бола ҳуқуқлари бўйича вакил ва фуқаролик жамияти сектори томонидан биргаликда таклиф этилаётган нормалар мажмуасини ўз ичига олади.

Динара Закиеванинг айтишича, мазкур қонунчилик нормаларини амалда татбиқ этиш бўйича фаол ишлар олиб борилмоқда.

“111” ягона алоқа тизими ишга туширилди. 2024 йил сентябридан мактабларда буллингга қарши курашиш учун КiVa дастури ва хавфсизлик дарслари жорий этилади”, – деди у.

Болалар ҳуқуқлари бўйича вакилнинг сўзларига кўра:

  • – болалар учун мўлжалланган тиббий-ижтимоий муассасалар ходимлари учун махсус ўқув курси йўлга қўйилади;
  • – васийлик ва ҳомийлик органларини кучайтириш масаласи ишлаб чиқилмоқда;
  • – “Самруқ-Қазна” миллий фаровонлик жамғармаси, шунингдек, “Қозоғистон халқи” ва “Қамқорлик” жамғармалари билан ҳамкорлик асосида 6 та аутизм маркази, 11 та ҳудудий реабилитация марказлари очилди.

Давлат раҳбари Бола ҳуқуқлари бўйича вакилнинг маърузасини тинглаб, ўқувчилар ўртасида ҳуқуқий саводхонликни ошириш, “Қонун-тартибот” тамойилини кенг тарғиб этиш муҳимлигини таъкидлади.

“Шу муносабат билан Қасим-Жомарт Тоқаев Ягона таълим дастури Туркистонда ўтказилган Миллий қурултойнинг иккинчи йиғилишида берилган топшириқ асосида ишлаб чиқилганини эслатди. Мазкур дастур ёш авлод онгига инсоний ва миллий қадриятларни сингдириш, уларнинг ижодий қобилиятларини мустаҳкамлаш, мустақил фаолият кўрсатиш ва ижодий фикрлаш кўникмаларини шакллантиришга қаратилган. Динара Закиева зиммасига ушбу дастурни амалга ошириш бўйича ўқитувчилар ва ота-оналар ўртасидаги ишларни мувофиқлаштириш вазифаси юклатилди”, – дейилади хабарда.

Йиғилишда етим ва ота-она қарамоғисиз қолган болаларга уй-жой ажратиш, қишлоқ жойларда ўсмирлар учун инфратузилмани ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.

Давлат раҳбари болалар ва ўсмирлар ўртасида ўз жонига қасд қилишга олиб келадиган ҳолатлар юзага келишининг олдини олиш бўйича комплекс чора-тадбирлар кўриш зарурлигига эътибор қаратди. Бундан ташқари, Қасим-Жомарт Тоқаев болалар травматизми ва бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олиш масаласини алоҳида назоратга олиш бўйича топшириқ берди.

Сўнгги хабарлар