ҚР Президенти БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадлари саммитида иштирок этди
Қасим-Жомарт Тоқаев БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадлари саммитида иштирок этди, деб хабар беради Kazinform Ақордага таяниб.

Давлат раҳбари Қасим-Жомарт Тоқаев Венгрия Президенти Каталин Новак билан биргаликда БМТ етакчилари мулоқотининг “Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш йўлидаги тараққиётни жадаллаштиришнинг асосий ўтиш жараёнлари билан боғлиқ кенг кўламли ҳаракатларни жонлантириш” мавзусидаги биринчи сессиясига раислик қилди
ҚР Президенти ўз нутқида Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг 2030 йилгача бўлган кун тартиби ёш авлодга порлоқ келажак яратиш учун берилган ягона имконият эканини таъкидлади.
“Геосиёсий можаролар туфайли кучайиб бораётган ҳозирги глобал муаммолар жамоавий саъй-ҳаракатларимизга путур етказмоқда. Биргина давлат бу тўсиқларни енгиб чиқа олмайди. Биз жаҳон ҳамжамиятининг бирлиги туфайлигина салмоқли ютуқларга эриша оламиз”, – деди Қасим-Жомарт Тоқаев.
Президентнинг сўзларига кўра, барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш Қозоғистон учун миллий устувор вазифадир.
“Барқарор ривожланиш тамойиллари асосий миллий стратегия ва дастурларимизнинг ўзагига айланди. Бугун биз барқарор келажакка фаол сармоя киритмоқдамиз. Давлат бюджетининг 80 фоизи барқарор ривожланиш мақсадларига жавоб беради. Биз бепул таълим ва соғлиқни сақлаш хизмати ҳамма учун мавжуд бўлишини таъминлаймиз. Янги Ижтимоий Кодексда аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини ҳимоя қилиш чора-тадбирлари кучайтирилди”, – деди ҚР Президенти.
Сессияда Венгрия Президенти Каталин Новак, Хорватия Президенти Зоран Миланович, Қирғизистон Президенти Садир Жапаров, Жанубий Африка Республикаси Президенти Сирил Рамафоса, Австрия Президенти Александр Ван дер Беллен, Перу Президенти Дина Болуарте, Гайана Президенти Ирфан Али, Микронезия Президенти Уэсли Симина, Шимолий Македония Президенти Стево Пендаровски, Финляндия Президенти Саули Ниинистё ва бошқалар сўзга чиқди.