ҚР Президенти БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш билан музокара ўтказди
ASTANA. Kazinform – Учрашувда Президент Қасим-Жомарт Тоқаев Бош котибга Қозоғистонга ташрифи учун миннатдорлик билдирди. Давлат раҳбари олий мартабали меҳмон, айниқса, БМТ Бош Ассамблеясининг 80-сессияси арафасида банд бўлишига қарамай, Алматига келганини таъкидлади. Бу ҳақда Ақорда хабар берди.

Ушбу ташриф Қозоғистон учун катта аҳамиятга эга ва Ташкилотнинг барқарор ривожланиш кун тартибига содиқлигини намойиш этади. Қасим-Жомарт Тоқаевнинг сўзларига кўра, Марказий Осиёда барқарор ривожланиш мақсадларига бағишланган биринчи марказнинг очилиши бутун минтақа учун муҳим ютуқдир.

“Ушбу ташаббусни қўллаб-қувватлаганингиз учун сизга ва жамоангизга ўз номимдан ва Қозоғистон халқи номидан миннатдорчилик билдираман. Мен сизнинг ўз вақтида ва истиқболли UN80 ташаббусингизни юқори баҳолайман. Қозоғистон ташкилотни ислоҳ қилиш борасидаги саъй-ҳаракатларингизни тўлиқ қўллаб-қувватлайди. Шу билан бирга, мамлакатимиз Ташкилот фаолияти асоси бўлган кўп томонлама, дипломатия ва ҳамкорлик тамойилларига содиқлигини яна бир бор тасдиқлайман”, – деди Президент.
Антониу Гутерриш меҳмондўстлик учун миннатдорлик билдириб, Қозоғистоннинг халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва Барқарор ривожланиш мақсадларини илгари суришдаги ҳиссасини алоҳида таъкидлади.

“Қозоғистон тинчлик ва мулоқот рамзи, халқлар ўртасидаги олтин кўприк бўлиб, кўп ҳолларда ўзини адолатли музокарачи сифатида намоён этган. Бунинг пойдевори бир неча ўн йиллар аввал ядро қуролидан воз кечиш ҳақидаги тарихий қарор билан қўйилган эди. Бу ҳақиқатан ҳам бутун дунё учун ахлоқий ҳаракат эди. Цивилизациялар тўқнашуви ҳақида гап кетганда, Қозоғистон турли дин ва маданият вакиллари ўртасида мулоқот ва ҳамкорликни йўлга қўйиш мумкинлигини ўз тажрибаси билан исботлади. Бу сизнинг ташаббусларингиздан яққол кўриниб турибди. Сиз ҳамиша дунёни ҳамжиҳатликка, биродарликка чақирасиз”, – деди Бош котиб.
Учрашувда БМТнинг Марказий Осиё ва Афғонистон учун Барқарор ривожланиш мақсадлари бўйича Минтақавий маркази фаолияти истиқболлари, Бирлашган Миллатлар Ташкилотини ислоҳ қилиш масаласи, халқаро ва минтақавий кун тартиби, шунингдек, бошқа долзарб масалалар муҳокама қилинди.

Эслатиб ўтамиз, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Антониу Гутерриш ҚР Президенти Қасим-Жомарт Тоқаевнинг таклифига биноан Қозоғистонга ташриф буюрди.