ҚР Президенти Алматида сув таъминоти иншоотлари қурилиши билан танишди
ALMATY. Kazinform – Президент ҳар бирининг сиғими 3 минг куб метр бўлган “Балқаш” ичимлик суви станциясининг иккита сув омбори ва насос станцияси қурилиши билан танишди.

Қасим-Жомарт Тоқаевга маълум қилинишича, “Каптаж”, “Бастау” сув омборлари ва “Медеу” фильтр станциясидан келаётган сув ушбу резервуарларда тўпланиб, стерилизация қилинади. Тозаланган ичимлик суви махсус ўрнатилган насослар ёрдамида Каменское платоси, Кўлсай, Юбилейний ва Музтау туманлари магистраль линиялари орқали тарқатилади.
Иншоотни кўздан кечириш чоғида Давлат раҳбарига сув таъминоти тармоғининг бугунги ҳолати ва Алмати шаҳрини ривожлантириш режаси ҳақида маълумот берилди.
Давлат раҳбарининг топшириқлари ижроси доирасида ўтган йили шаҳар ҳокимлиги томонидан 117 километр янги сув тармоғи қурилиб, 46 километр сув қувурлари модернизация қилинди. Бу чора-тадбирлар Алмати аҳолисининг 99,3 фоизини марказий сув тармоғига улаш имконини берди. Жорий йилда яна 142 километр сув қувурлари қуриш, 48 километр тармоқни таъмирлаш режалаштирилган. Бу йил якунига қадар аҳолининг 99,6 фоизини сув билан таъминлаш, тармоқларнинг эскириш даражасини 53,8 фоизгача камайтириш имконини беради.
Қасим-Жомарт Тоқаевга Медеу туманининг 50 минг аҳолисини сув билан таъминлаш кичик схемасини ишга тушириш режаси ҳақида маълумот берилди. Алатау, Бостандиқ ва Науризбай туманлари аҳолисини барқарор ва сифатли сув билан таъминлаш мақсадида иккита ҳовуз қурилиб, яна иккита ҳовуз лойиҳалаштирилмоқда.
Алмати шаҳар маъмурияти маълумотларига кўра, жорий йилда Қарғали ҳовузи қурилишини якунлаш режалаштирилган.

Мазкур иншоот Науризбай туманидаги 50 минг аҳолини ичимлик суви билан таъминлайди. Келгуси йилда Ақсай ҳовузи қурилишини якунлаш режалаштирилган. Бу Науризбай туманининг 100 минг ва Алмати вилоятининг Қарасай туманининг 15 минг аҳолисининг сув муаммосини ҳал қилишга ёрдам беради.
Қасим-Жомарт Тоқаев Алмати шаҳрини сув билан таъминлаш давлат аҳамиятига молик устувор вазифа эканини таъкидлади. Шунингдек, у ўтган йили Алмати шаҳрининг Медеу туманида содир бўлган вазиятнинг такрорланишига йўл қўйиб бўлмаслиги ҳақида огоҳлантирди.
“Мамлакатимизда сув танқислиги кузатилмоқда. Бизга умумдавлат дастури керак. Боғни суғориш учун ичимлик сувидан фойдаланманг. Бунинг ўрнига сувни тежаш технологиясини жорий этиш, ер ости сувларининг янги манбаларини излаш зарур. Алмати аҳолиси ичимлик суви етишмаслигидан тез-тез шикоят қилади. Шунинг учун комплекс ва тизимли ишларни амалга ошириш керак”, – деди Президент.