ҚР Президенти Алмати вилояти ҳокимига йўллар қурилишига алоҳида эътибор қаратиш бўйича топшириқ берди

ASTANA. Kazinform – Давлат раҳбари Алмати вилояти ҳокими Марат Султанғазиевни қабул қилди. Бу ҳақда Ақорда матбуот хизмати хабар берди.

Президент Алматы облысының әкіміне жолдардың құрылысына баса мән беруді тапсырды
Фото: Ақорда

Қасим-Жомарт Тоқаевга Алмати вилоятининг 2025 йилнинг биринчи чорагидаги ижтимоий-иқтисодий ривожланиши тўғрисидаги ҳисобот тақдим этилди.

Марат Султанғазиев иқтисодиётнинг асосий тармоқларида ўсиш кузатилаётганини маълум қилди. Жумладан, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 507,9 миллиард тенгени, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари эса 97,4 миллиард тенгени ташкил этди. Кичик ва ўрта бизнес субъектлари сони 146,2 мингтага етиб, 7,7 фоизга ўсди.

Президентга йил бошидан буён 12 та янги саноат лойиҳаси ишга туширилгани ҳақида маълумот берилди. «GALANZ bottlers» ишлаб чиқариш майдончасини кенгайтириш, «Бартоғай ГЭС-28» ва Чарин дарёсида кичик ГЭСлар каскадини қуриш каби йирик лойиҳалар шулар жумласидандир. Вилоятда жами 2 триллион 400 миллиард тенгелик 122 лойиҳа амалга оширилмоқда. Натижада 36 минг 776 иш ўрни яратилади.

Давлат раҳбарига Қонаев ва Алатау шаҳарларини ободонлаштиришнинг бориши ҳақида маълумот берилди. Янги бош режага мувофиқ, вилоят марказида «Smart Qonaev» ягона шаҳар бошқаруви тизими жорий этилмоқда. Алатау шаҳрининг бош режасига ўзгартиришлар киритиш, транспорт-муҳандислик инфратузилмасини лойиҳалаш ишлари бошланди.

Вилоят ҳокимининг таъкидлашича, “Қўлай мактаб” миллий лойиҳаси доирасида 17 та таълим муассасаси қурилиши бошланган. Шунингдек, вилоятда уч сменали таълим муаммосини ҳал этиш учун давлат-хусусий шериклик асосида 19 та мактаб қуриш режалаштирилган. 2025-2027 йилларда 91 та таълим муассасасида капитал таъмирлаш ишлари амалга оширилади.

Давлат раҳбари Қонаев ва Алатау шаҳарларини, умуман, Алмати агломерациясини ривожлантириш билан боғлиқ барча белгиланган мақсадларни сифатли ва ўз вақтида амалга ошириш муҳимлигини таъкидлади. Президент шаҳар ва аҳоли пунктлари йўлларини қуришга алоҳида эътибор қаратиш бўйича топшириқлар берди.

Сўнгги хабарлар