ҚР Мажилиси раиси: Мурожаатнома Президентнинг стратегик ислоҳотларининг давомидир

Қошанов
Фото: Ж. Жумабеков

ASTANA. Кazinform - Мажилисда Ерлан Қошанов раислигида Бюро йиғилиши бўлиб ўтди. Палата спикери Давлат раҳбарининг “Адолатли Қозоғистон: қонун ва тартиб, иқтисодий ўсиш, ижтимоий оптимизм” деб номланган Мурожаатномасини амалга оширишнинг асосий вазифаларини қайд этди.

- Ҳар бир Мурожаатнома - олдинга кучли интилиш. Қасим-Жомарт Кемелули Президент лавозимига киришганидан бери кенг кўламли стратегик ислоҳотларни амалга оширди. Бугунги Мурожаатнома ана шу ислоҳотларнинг ҳуқуқий давомидир. Шу тариқа, Давлат раҳбарининг иқтисодиёт, сиёсат ва мафкура соҳаларини бир вақтнинг ўзида ислоҳ қилишга қаратилган стратегик йўналиши изчил амалга оширилмоқда. Бугунги Мурожаатнома жамиятни ўйлантираётган энг долзарб муаммоларга аниқ жавобдир, – деди Мажилис раиси.

Ерлан Қошановнинг айтишича, ҳудудларга ташриф буюрган депутатлар фуқароларнинг талаб ва таклифларини, мамлакатдаги вазиятни яхши билишади. Мурожаатномада кичик ва ўрта бизнесни қўллаб-қувватлаш, қишлоқ хўжалигини молиялаштириш, банкларнинг иқтисодиётга кўпроқ маблағ йўналтириши учун шарт-шароит яратиш, солиқ сиёсатини қайта кўриб чиқиш ва бюджет тақчиллиги муаммосини ҳал этиш бўйича барча муҳим чора-тадбирлар қонунчилик даражасида ҳал этилиши зарурлиги таъкидланди.

— Бюджет кодекси ҳозирда Мажилисда кўриб чиқилмоқда. Палатага янги Солиқ кодекси лойиҳаси келиб тушди. Бу кодексларни кўриб чиқишда Президентнинг барча топшириқларини ҳисобга олишимиз керак. Бу қонунлар Давлат раҳбарининг иқтисодиётни модернизация қилиш бўйича топшириқларини бажаришда муҳим ўрин тутади, - деди Мажилис раиси.

Шунингдек, Мажилис мпикери Президент томонидан “Банклар тўғрисида”ги янги қонунни қабул қилиш бўйича аниқ топшириқ берилгани, давлат корхоналарини бошқариш сиёсатини такомиллаштириш ва активларни қайтариш бўйича аниқ вазифалар белгилаб берилганини эслатди.

Миллий жамғармадан ажратилаётган маблағлардан самарали фойдаланиш, халқнинг муҳим ижтимоий муаммоларини ҳал этиш, жумладан, таълим ва оммавий спортни ривожлантириш депутатлар олдига қўйилган вазифалар қаторида.

Спикер, шунингдек, бутун Қозоғистон халқининг позицияси АЭС қурилиши бўйича 6 октябрда бўлиб ўтадиган умумхалқ референдумида маълум бўлишини айтди. Бу мамлакатда янги сиёсий маданият шаклланганининг яққол ифодаси, “Халқ овозига қулоқ солувчи ҳукумат” концепциясининг конкрет натижасидир.

Нутқ сўнгида Ерлан Қошанов бугунги глобал оғир даврда Қозоғистон тараққиётнинг янги йўналишини босиб ўтиб, адолатли, ҳалол ва хавфсиз жамият қуриш йўлидан дадил олға интилаётганини таъкидлади. Қонун чиқарувчи ҳокимиятнинг асосий вазифаси эса мамлакатда қонунийлик ва тартибни таъминлашдан иборат.

Сўнгги хабарлар
telegram