ҚР Мажилиси депутатлари Туркистон вилоятидаги спиртли ичимликдан воз кечган қишлоққа боришди

None
Фото: parlam.kz
ASTANА. Каzinform – Парламент Мажилиси раиси Ерлан Қошанов ва депутат Руслан Берденов Туркистон вилояти Сайрам туманининг Қутарис қишлоғига хизмат сафари билан борди, дея хабар беради Каzinform.

Беш мингдан ортиқ аҳоли истиқомат қиладиган қишлоқ спиртли ичимликлардан бутунлай воз кечиши билан машҳур, бунинг ўрнига қимиз ва бошқа зарарсиз ичимликларни афзал кўради.

Шунингдек, қишлоқ «Ozen» хайрия жамғармасининг «100 қозоқ қишлоғи» дастури доирасида тест платформаси сифатида танлаб олинди.

Мажлис аъзолари билан учрашувда лойиҳа муаллифлари жамғарма фаолияти ва мақсадлари ҳақида сўзлаб берди.

«Мақсадимиз – иқтидорли болалар учун таълим ва спорт, кичик бизнес, тиббиёт ва инфратузилма соҳаларида ижтимоий аҳамиятга эга лойиҳаларни амалга ошириш орқали Қозоғистон қишлоқлари экотизимини ривожлантириш. Шаҳар ва қишлоқ ўртасидаги тафовутни бартараф этиш, рақамлаштиришни ривожлантириш, сифатли интернетни тақдим этишга ҳаракат қиляпмиз. Шунингдек, корхоналар очилиши ҳисобига ишсизликни камайтирмоқчимиз», - дейди лойиҳа муаллифларидан бири Нуржан Ниёзалиев.

Шунингдек, Мажилис депутатлари жамғарма маблағлари ҳисобидан барпо этилган спорт мажмуасида бўлиб, шуғулланаётган болалар билан суҳбатлашди.

Кураш ва бокс тўгаракларида 100 нафарга яқин бола қатнашади.

Бундан ташқари, Ерлан Қошанов ва Руслан Берденов жамғарма маблағлари ҳисобидан барпо этилаётган коллеж қурилишини кўздан кечирди.

Мазкур коллежда 500 нафарга яқин бола замонавий ва қулай шароитда таҳсил олиши мумкин.

«Туркистонда аҳолининг кўплиги сабабли инфратузилма муаммолари мавжуд. Давлатдан мустақил равишда бундай тадбиркорлик билан шуғулланаётган фуқаролар ташаббус кўрсатиб, катта ишларни амалга ошираётгани қувонарли ҳол», — деди Мажилис раиси Ерлан Қошанов.


Сўнгги хабарлар