ҚР Ҳукумати болаларни хавфли касалликларга қарши эмлаш учун 5,8 миллиард тенгедан ортиқ маблағ ажратди
ASTANА. Кazinform - Қозоғистон Бош вазири Олжас Бектенов мамлакатда қулай эпидемиологик вазиятни таъминлаш ва болалар саломатлигини муҳофаза қилиш мақсадида қўшимча миқдорда вакциналар ва тиббий буюмлар харид қилиш учун маблағ ажратиш тўғрисидаги қарорни имзолади. Бу ҳақда Ҳукумат матбуот хизмати хабар берди.

Миллий эмлаш тақвими доирасида ўз вақтида эмланмаган 18 ёшгача бўлган болаларни эмлаш учун Давлат захирасидан 5 832 377 600 (беш миллиард саккиз юз ўттиз икки миллион уч юз етмиш етти минг олти юз) тенге маблағ ажратилади.
Кўк йўтал, дифтерия, вирусли гепатит А ва В, қизамиқ, қизилча, қоқшол, полиомиелит, паротит ва гемофил инфекцияси каби хавфли юқумли касалликларга қарши қўшимча эмлаш амалга оширилади. Вилоятлар, республика аҳамиятига молик шаҳарлар ва пойтахт ҳокимликларига 747 720 доза вакцина ва 542 592 дона шприц сотиб олиш учун жорий мақсадли трансфертлар шаклида маблағлар ўтказилади. Шарқий Қозоғистон вилоятида эса мавжуд дори воситаларидан ҳисобидан болаларни эмлаш режалаштирилган.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, Қозоғистонда қизамиқ бўйича эпидемиологик вазият барқарорлашмоқда. Охирги 2 ой ичида касалланиш даражаси 32% га камайди. Қўшимча оммавий эмлаш доирасида қарийб 1,3 миллион киши эмланди, бу эмланиши лозим бўлган аҳолининг 91 фоизини ташкил қилади. Бундан ташқари, вакцина орқали олдини олиш мумкин бўлган бошқа инфекциялар кўпаймоқда. Мисол учун, 2023 йилда кўк йўталнинг тескари динамикаси қайд этилган, беморларнинг 91 фоизи эмланмаган болалар эди. Қизилча, паротит ва гепатит А вирусида ҳам ўсиш қайд этилган.
Аҳоли ўртасида хавфли инфекциялар кўпайишининг олдини олиш мақсадида Ҳукумат раҳбари Олжас Бектенов Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва ҳокимликларга ҳар бир ҳудудда ўз вақтида эмлаш ва эпидемиологик вазиятни алоҳида назоратга олиш бўйича топшириқ берди.