ҚР Ҳукумати 2026-2028 ва 2035 йилларга мўлжалланган узоқ муддатли ривожланиш прогнозини тасдиқлади
ASTANА. Кazinform — Қозоғистон Республикаси Бош вазири Олжас Бектенов 2026-2028 йилларга мўлжалланган ижтимоий-иқтисодий ривожланиш прогнози ва 2035 йилгача бўлган узоқ муддатли ривожланиш прогнозини тасдиқлашни таклиф қилди.

— Давлат раҳбарига ижтимоий-иқтисодий ривожланиш прогнозлари ва келгуси уч йилга мўлжалланган бюджет лойиҳаси тақдим этилди. Президент бюджет балансини таъминлаш, маблағларни республика ва маҳаллий даражада сифатли режалаштириш ва тақсимлашни таъминлаш бўйича топшириқлар берди. Шу муносабат билан бугун 2026-2028 йилларга мўлжалланган “Умумий трансфертлар ҳажми ва республика бюджети тўғрисида”ги қонун лойиҳалари кўриб чиқилди. Қонун лойиҳалари бюджет параметрларига мувофиқ ишлаб чиқилган ва давлат молияси барқарорлигини таъминлаш учун мақбулдир, — деди Олжас Бектенов Ҳукумат йиғилишида.
Бош вазирнинг сўзларига кўра, бюджет мутаносиб ва Давлат раҳбари томонидан илгари сурилган барча стратегик ташаббуслар инобатга олинган.
— Муҳокамаларни инобатга олган ҳолда, 2026-2028 йилларда ижтимоий-иқтисодий ривожланиш прогнози ва 2035 йилгача бўлган узоқ муддатли прогнозни тасдиқлашни таклиф этаман. 2026-2028 йилларга мўлжалланган республика бюджети тўғрисидаги ва келгуси уч йиллик давр учун умумий трансфертлар ҳажми тўғрисидаги қонун лойиҳаларини овозга қўяйлик. Овоз беринг, — деди Ҳукумат раҳбари.
Шундай қилиб, Ҳукумат аъзолари узоқ муддатли прогнозни бир овоздан маъқулладилар.
Эслатиб ўтамиз, 2035 йилда бюджет даромадлари 66,8 триллион тенгега кўтарилиши прогноз қилинмоқда.