ҚР Давлат маслаҳатчиси Миллий тарихчилар конгресси форумида иштирок этди
ASTANА. Кazinform — Маҳаллий олимлар Қозоғистон тарихи бўйича янги академик кўп жилдли китобни нашрга тайёрламоқда. Бу ҳақда Давлат маслаҳатчиси Ерлан Қарин иштирокида пойтахтда ўтказилган Қозоғистон Тарихчилари миллий конгресси форумида маълум қилинди. Бу ҳақда 24.kz ёзган.
Форум мамлакат илмий жамоатчилигининг 300 нафар вакилини жамлади. Тадбирда тарихчи олимлар, тадқиқотчилар, олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари, жамоат арбоблари иштирок этди.
Форумда археология, этнография, этнология, тарихий география соҳаларига оид янги ишланмаларни таҳлил қилиш, тизимлаштириш ва илмий муомалага киритиш масалалари муҳокама қилинди. Бундан ташқари, қозоғистонлик тадқиқотчиларнинг хорижий архивлар, музейлар ва кутубхона фондларидаги фаолияти натижалари кўриб чиқилди.
— Археология мисолида сўнгги 25 йил ичида кўплаб янги кашфиётлар қилинди. Бу бизни тарихимизни бутунлай қайта кўриб чиқишга мажбур қилади. Археология фанлараро йирик фанга айланди. Биз табиий фанлар усулларидан фойдаланган ҳолда барча сўнгги маълумотларни ўзлаштирмоқдамиз. Қадимги жамият, унинг палеоиқтисодиёти, хўжалиги, дунёқараши ҳақида ўтмиш тарихимизни тўлиқ қайта кўриб чиқиш имконига эга бўлдик, – дейди A.Maрғулан номидаги Археология институти бош директори Ақан Онғарули.
Йиғилишда “Қозоғистон тарихи: қадим замонлардан то ҳозирги кунгача” номли янги академик нашрни тайёрлашнинг бориши муҳокама қилинди. Мазкур лойиҳага мамлакатзнинг 5 та илмий-тадқиқот институти ва 250 дан ортиқ олимлари жалб этилган. Давлат маслаҳатчиси ўз сўзида Тарихчилар миллий форуми мамлакат тарих фанини ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади. Бундан ташқари, сўнгги йилларда илмий муомалага кирган археологик топилмалар ва архив ҳужжатлари халқ тарихини яхлит ва кенг англашга йўл очаётганини таъкидлади.
— Қозоғистон нафақат қадимий кўчманчи давлат тузилмаларининг бешиги, бир вақтлар қудратли давлатлар ва империяларнинг вориси, балки бутун бир кўчманчи цивилизациянинг ўчоғи ва марказидир. Бинобарин, миллий тарих фанининг вазифаси халқимиз тарихига цивилизация парадигмаси нуқтаи назаридан янада кенгроқ ва ҳар томонлама қараш, уни шу нуқтаи назардан улуғлашдан иборат, — деди ҚР Давлат маслаҳатчиси Ерлан Қарин.
Форум иштирокчилари Қозоғистоннинг қадим замонлардан то ҳозирги кунгача бўлган тарихига оид кўп жилдли академик нашрни яратиш борасидаги ишларни юқори баҳоладилар. Шунингдек, археология ва тарих-маданий ёдгорликларни тадқиқ қилиш кўламини кенгайтириш, архившунослик ва ўлкашуносликни янада ривожлантириш, дарсликлар ва тарих ўқитиш методикасини такомиллаштириш каби масалаларга тўхталди.