ҚР Бош вазири ва ЕИ дипломатик ваколатхоналари раҳбарлари логистика соҳасидаги ҳамкорликни муҳокама қилдилар
ASTANA. Kazinform – Қозоғистон Республикаси Бош вазири Олжас Бектенов раислигида Европа Иттифоқининг Қозоғистондаги элчиси Кестутис Янкаускас ва ЕИ мамлакатлари дипломатик миссиялар раҳбарлари иштирокида “Қозоғистон – Европа Иттифоқи” мулоқот платформасининг 15-йиғилиши бўлиб ўтди, дея хабар беради ҚР Ҳукумати матбуот хизмати.
Қозоғистоннинг асосий ҳамкорларидан бири сифатида Европа Иттифоқига инвестицияларнинг 40 фоиздан ортиғи ва ташқи савдонинг 30 фоизга яқини тўғри келади. Мулоқот платформаси мажлисида савдо-иқтисодий, сармоявий ҳамкорликни кенгайтириш ва мустаҳкамлаш, транспорт-логистика соҳасидаги лойиҳаларни биргаликда амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Хусусан, Транскаспий халқаро транспорт йўналишини истиқболли йўналишлардан бири сифатида ривожлантириш режаси муҳокама қилинди.
Товарларнинг 85% га яқини Хитойдан Европа ва Осиё ўртасидаги транзит марказ ҳисобланган Қозоғистон орқали Европа Иттифоқи мамлакатларига ташилади. Транскаспий халқаро транспорт йўналиши савдо оқими учун энг қулай шарт-шароитларни яратиб, рақобатбардош етказиб бериш муддатини (12-15 кун) таклиф этади.
Учрашув иштирокчилари Ўрта йўлак салоҳиятини оширишдан манфаатдор эканликларини билдирдилар. “Астана” халқаро молия маркази негизида «Middle Corridor Multimodal» қўшма корхонаси ташкил этилди. Шунингдек, транспорт соҳасига инвестицияларни жалб этишда янги истиқболларни очувчи «Global Gateway» Европа ташаббусининг муҳим ўрни қайд этилди.
“ЕИ Қозоғистоннинг энг йирик ва энг муҳим сармоявий ва савдо шериги ҳисобланади. Биз доимо барча устувор йўналишларда ишлаймиз. Мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга қўшган ҳиссангиз ва манфаатдорлигингизни Ҳукумат юксак қадрлайди. Биз ҳар доим ўзаро манфаатли ҳамкорликни оширишга қаратилган таклифларни қўллаб-қувватлаймиз”, - деди Олжас Бектенов.
Европа Иттифоқининг Қозоғистондаги элчиси Кестутис Янкаускас ва Руминиянинг Қозоғистондаги элчиси Мадалина Лупу, ўз навбатида, Қозоғистонда ишбилармонлик муҳитини яхшилаш бўйича олиб борилаётган ишларга ижобий баҳо берди. Дипломатик миссия раҳбарлари, шунингдек, Европа бизнеси учун мамлакат иқтисодиётининг барқарорлиги ва жозибадорлигини қайд этди.
Учрашув якунларига кўра, иштирокчилар стратегик шерикликни янги босқичга кўтариб, савдо-иқтисодий муносабатларни ривожлантириш ва мустаҳкамлаш ниятларини тасдиқладилар.