ҚР Бош вазири ШҲТ давлатларини озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда саъй-ҳаракатларни бирлаштиришга чақирди

ASTANA. Kazinform - Қозоғистон Республикаси Бош вазири Алихан Смаилов ШҲТга аъзо давлатлар Ҳукумат раҳбарлари кенгашининг видеоконференция шаклида ўтказилган навбатдаги мажлисида сўзлади, дея хабар беради Кazinform Қозоғистон Бош вазири матбуот хизматига таяниб.
None

Алихан Смаилов ўз нутқида ШҲТ доирасидаги кўп томонлама ҳамкорлик Қозоғистон Республикаси Ҳукуматининг устувор йўналишларидан бири бўлиб қолаётганини таъкидлади. Унинг фикрича, ташкилот фаолиятини янада такомиллаштиришни давом эттириш муҳим.

«Ўйлайманки, энди биз савдо тўсиқларини бартараф этиш ва техник регламентларни яқинлаштиришга кўпроқ эътибор қаратишимиз керак. Ўтган Самарқанд саммитида қабул қилинган 2023-2025 йилларга мўлжалланган минтақалараро савдони ривожлантириш режаси ана шундай амалий қадамлардан биридир», — деди Алихан Смаилов.

Унинг сўзларига кўра, пандемия ва бошқа муаммоларга қарамай, ШҲТ маконида етарлича юқори ривожланиш динамикаси сақланиб қолмоқда. Ўтган йил якунига кўра, аъзо давлатларнинг иқтисодий ўсиш суръатлари 4 фоиздан 9 фоизгача бўлган, Қозоғистон ва ШҲТ мамлакатлари ўртасидаги умумий товар айирбошлаш ҳажми эса 22 фоизга ўсиб, қарийб 51 миллиард долларни ташкил қилган.

Ўзаро савдони янада рағбатлантириш учун ШҲТ Банклараро ассоциацияси ваколатлари доирасидаги савдо операциялари ва экспорт операцияларини молиялаштиришга аъзо давлатларнинг банклари ва ривожланиш институтларини жалб этиш муҳим аҳамиятга эга. Илгари сармоя ва юқори технологияларни жалб этиш зарурлиги қайта-қайта таъкидланган.

«Биз ШҲТ технопарклари ва инновацион кластерлари пулини яратиш концепциясини амалий амалга оширишга тизимли ёндашишга чақирамиз. Биз, шунингдек, йирик сармоявий фондларни бирлаштира оладиган ШҲТга аъзо давлатлар инвесторлари уюшмасини ташкил этишни таклиф қиламиз. Ишбилармонлик ахбороти ва илғор тажриба алмашиш, иқтисодиётнинг муҳим тармоқларида кўп томонлама лойиҳаларни шакллантириш унинг фаолиятидаги устувор йўналишлардан иборат бўлади», — деди Бош вазир.


Шунингдек, у озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш бўйича келишилган чора-тадбирларни амалга ошириш муҳимлигини таъкидлади.

«Қозоғистон қишлоқ хўжалиги салоҳиятидан фойдаланиб, бу саъй-ҳаракатларга ҳисса қўшишга тайёр. Бу ерда селекция ва уруғчилик соҳасида ҳамкорлик дастурини ишлаб чиқиш муҳим қадам бўлиши мумкин. Бу қишлоқ хўжалиги ривожига туртки бўлади, давлатларимиз илмий наслчилик марказлари ўзаро ҳамкорлик қилиш имконини беради ва пировардида озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга ижобий таъсир кўрсатади», — деди Алихан Смаилов.

Бош вазир истиқболли транспорт ва транзит йўлакларини ривожлантириш бўйича ҳамкорликда ҳаракат қилишга чақирди.

«Ақтау порти «Ҳиндистон – Форс кўрфази мамлакатлари – Эрон – Қозоғистон – Россия» йўналиши бўйича марказ бўлиш учун етарли салоҳиятга эга. Замонавий шароитда Европа, Марказий Осиё ва Хитой ўртасидаги транзит оқимларини таъминлашда Транскаспий транспорт йўлагининг роли ҳам ортиб бормоқда. Ушбу йўналиш имкониятларини биргаликда амалга ошириш барқарор юк ҳажми ва барқарор ташишни таъминлайди», — деди у.

Алихан Смаилов маданий-гуманитар ва экологик ҳамкорликни ё‘лга қўйиш ҳақида гапирар экан, санъат, дизайн, реклама ва бошқа ижодий соҳалардаги ёш истеъдодларни қўллаб-қувватлаш бўйича етакчи олий ўқув муассасалари ўртасида ўзаро ҳамкорликнинг тажриба дастурини ишлаб чиқиш ва ташкилотнинг Экологик муаммолар реестрини шакллантиришни таклиф қилди.


«Бугун ШҲТ жадал ривожланаётган халқаро платформа бўлиб, бу унинг географиясининг кенгайиши билан тасдиқланади. Ташкилот яқин ўн йилликларда ўсиши ва ривожланиши жаҳон иқтисодиётининг асосий ҳаракатлантирувчи кучи бўладиган мамлакатларни бирлаштиради. Мамлакатларимиз янги имкониятлар ойналарини очиб, бир-бирига интилишлари муҳим. Ишончим комилки, бугунги кунда қабул қилинаётган қарорлар, имзоланаётган ҳужжатлар ҳамкорлигимизни чуқурлаштиришга хизмат қилади», — дея якунлади Алихан Смаилов.

Тадбирда, шунингдек, Хитой Давлат кенгаши Бош вазири Ли Кецян, Ҳиндистон ташқи ишлар вазири Субраманиам Жайшанкар, Вазирлар Кабинети раиси – Қирғизистон Президенти Администрацияси раҳбари Ақилбек Жапаров, Покистон Ташқи ишлар вазири Билавал Бхутто Зардорий, Россия Бош вазири Михаил Мишустин, Тожикистон Бош вазири Қоҳир Расулзода, Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов, ШҲТ Бош котиби Чжан Мин, ШҲТ кузатувчи-давлатлари вакиллари: Беларусь Бош вазири Роман Головченко, Эрон биринчи вице-президенти Муҳаммад Мохбер ва Мўғулистон Бош вазири Лувсаннамсрайн Оюун-Эрдэнэ, шунингдек, раислик қилувчи томондан меҳмон – Туркманистон Вазирлар Кабинети Раисининг ўринбосари Хожамурат Гелдимуродов иштирок этди.

Фото: primeminister.kz


Сўнгги хабарлар