ҚР Бош вазири ЕИ элчилари билан экологик барқарор иқтисодий ривожланиш масалаларини муҳокама қилди
Европа Иттифоқининг Қозоғистондаги Элчиси Кестутис Янкаускас, Финляндия Элчиси Сойли Мякелайнен Буханист, Германия Элчиси Моника Иверсен, Нидерландия Элчиси Андре Карстенс, «Қозоғистон-Германия аграр-сиёсий мулоқот» лойиҳаси менежери Александр Барневиц, «Qazaq-Finish Technology» Қозоғистон-Финляндия технологиялар трансфери маркази директори Дмитрий Жуков ва бошқалар маъруза қилди.
Экология, геология ва табиий ресурслар вазири Серикқали Брекешев, қишлоқ хўжалиги вазири Ербол Қарашукеев, Савдо ва интеграция вазири Бахит Султанов, Индустрия ва инфратузилмаларни ривожлантириш вазирининг ўринбосари Марат Қарабоев кўрилган чоралар ҳақида маълумот берди.
«Яшил иқтисодиёт», қайта тикланадиган энергия манбаларини ривожлантириш, Орол денгизи чўлланишига қарши кураш, ўрмон ресурсларини кенгайтириш, ёғочни қайта ишлаш саноатини ривожлантириш, органик маҳсулотларни ишлаб чиқариш ва экспорт қилиш, қишлоқ хўжалигида органик ўғитлардан фойдаланиш, Европа Иттифоқининг барқарор агробизнес стандартлари, «Фермадан столга» стратегияси ва т. б. масалалари муҳокама қилинди. Қозоғистон Республикаси Бош вазири Асқар Мамин Қозоғистон иқлим ўзгаришига қарши глобал курашга доир ўз мажбуриятларини бажариш бўйича чора-тадбирларни кучайтираётганини таъкидлади.
Шу билан бирга, саъй-ҳаракатлар иқтисодиётнинг барқарорлиги ва декарбонизациясини оширишга қаратилган. Ҳукумат 2020-йил декабр ойида Президент Қасим-Жомарт Тоқаев томонидан эълон қилинган БМТнинг иқлим амбициялари бўйича Саммити доирасида Қозоғистоннинг 2060 йилгача углерод нейтраллигига эришиш учун амалий чоралар кўрмоқда. Ҳозирги вақтда Қозоғистон Республикасининг 2060 йилгача углерод нейтраллигига эришиш доктринаси ишлаб чиқилмоқда. Ҳужжат қайта тикланадиган ва анъанавий энергия, саноат, қишлоқ хўжалиги ва ўрмон хўжалиги, транспорт, уй-жой коммунал хўжалиги ва чиқиндиларни қайта ишлашга эътибор қаратиб, миллий иқтисодиётнинг барча соҳаларида ислоҳотларни назарда тутади. Атроф-муҳитга чиқиндиларни камайтириш Қозоғистон иқтисодиётининг энергия самарадорлигини ошириш, электрлаштириш, ердан барқарор фойдаланиш ва қайта тикланадиган энергия манбаларидан кенг миқёсда фойдаланиш орқали эришилади. Углерод нейтраллигига эришиш доктринасини амалга оширишда бозор механизмлари ва хусусий инвестициялар салоҳияти максимал даражада ишлатилади.
Бош вазир Қозоғистон Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев томонидан давлат ўрмон фондида 2 миллиард туп, аҳоли пунктларида 15 миллион туп дарахт экиш ва кўкаламзорлаштириш бўйича комплекс режалар, шунингдек, 2021-2025 йилларга мўлжалланган ҳудудий ободонлаштириш режалари ишлаб чиқилганини таъкидлади.
Қозоғистон иқтисодиётининг 2025 йилгача ўрмон секторини ривожлантиришнинг бош режаси амалга оширилмоқда, у ўрмонларни муҳофаза қилиш чораларини кучайтиришни, хусусий ўрмонзорлаштиришни давлат томонидан қўллаб-қувватлашни ва бошқа тадбирларни назарда тутади. Дарахт экиш ва ўстириш харажатларининг 50 фоизини қоплаш орқали мамлакатнинг ёғоч кесиш саноатининг рақобатбардошлигини ошириш учун шароит яратилди.
Бош вазир Европа Иттифоқи элчиларини Қозоғистон ва ЕИ ўртасидаги савдо-иқтисодий ва сармоявий ҳамкорликни ривожлантиришга кўмаклашиш мақсадида очиқ ва фаол мулоқотни давом эттиришга чақирди.