ҚР Бош вазири Алматида ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштиришни чуқурлаштириш бўйича топшириқ берди

ASTANА. Кazinform – ҚР Бош вазири Олжас Бектенов Алмати шаҳрига амалий ташрифи доирасида саноат зонаси ҳудудидаги бир қатор корхоналарда бўлиб, у ерга сармоя жалб қилиш ва ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш суръатлари билан танишди. Бу ерда яратилган вазият бизнес фаолиятини осонлаштиришга қаратилган, деб хабар беради ҚР Ҳукумати матбуот хизмати.

Олжас Бектенов
Фото: Ҳукумат

Ҳукумат раҳбари “Ирригатор Қозоғистон” заводида ҳосилдорликни ва сув тежамкорлигини ошириш мақсадида Исроил технологияси бўйича ишлаб чиқарилган қишлоқ хўжалиги экинларини томчилатиб суғориш учун қувурлар ишлаб чиқариш жараёнини кўздан кечирди. Жорий йилнинг январь ойида ишга туширилган корхона томорқа, мева-сабзавот ва ғалла экинларини суғориш учун йилига 270 миллион метр маҳсулот ишлаб чиқариш қувватига эга. Корхона директори Мурат Ақшаловнинг айтишича, лойиҳага Исроилнинг METZERPLAS компаниясидан 770 миллион тенгедан ортиқ хорижий сармоя жалб қилинган, бу лойиҳа умумий қийматининг учдан бир қисмини ташкил этади.

Олжас Бектенов мазкур лойиҳа сувни тежашга қаратилганлигини инобатга олиб, унинг аҳамиятини таъкидлади ва давлат органларига корхонани тўлиқ қувватга келтириш масаласини ишлаб чиқиш, шунингдек, қишлоқ хўжалиги корхоналари билан маҳсулотларни сотиш бўйича ўзаро ҳамкорликда кўмаклашишни топширди. Айтиш жоизки, бугунги кунда Қозоғистонда томчилатиб суғориш бозори 70 минг гектарни ташкил этади.

Олжас Бектенов Hyundai Trans Kazakhstan корхонасига ташриф буюрганида маҳаллийлаштиришни чуқурлаштириш ва ишлаб чиқаришнинг янада мураккаб технологик жараёнига ўтиш режаси билан танишди. Бош вазирга корхонани кенгайтириш ва модернизация қилиш, завод майдонини 40 минг квадрат метрга, иш ўринлари сонини эса 1700 тага етказиш ҳақида маълумот берилди. Умумий қиймати 16,4 миллиард тенге бўлган заводни кенгайтириш лойиҳаси тўлиқ инвестор маблағлари ҳисобидан амалга оширилди. Шу билан бирга, корхона кичик линияли ишлаб чиқариш қувватини ошириш ва янги моделларни пайвандлаш ва бўяш бўйича ишлаб чиқаришнинг тўлиқ циклига ўтиш мақсадида пайвандлаш, бўяш ва йиғиш цехларини модернизация қилишга сармоя киритмоқда.

Astana Motors асосчиси Нурлан Смагулов мавжуд Hyundai Trans Kazakhstan заводига қўшимча равишда йилига 90 минг енгил автомобиль ишлаб чиқаришга қодир мультибренд заводини (2025 йилда ишга тушириш режалаштирилган), автомобиллар учун эҳтиёт қисмлар ишлаб чиқариш учун учта завод ва логистика марказини ўз ичига олган ишлаб чиқариш кластерини ривожлантиришни режалаштириш ҳақида хабар берди. Иш ўринларининг умумий сони 6000 кишидан ошади.

Бош вазир ҳукумат маҳаллий автосаноатни қўллаб-қувватлаш бўйича чора-тадбирларни давом эттиришини таъкидлади. Ўз навбатида, тадбиркорлик доимий равишда ривожланиши ва маҳаллийлаштиришни ошириши керак.

Навбатдаги объектда Бош вазирга 100 000 квадрат метрдан ортиқ майдонга эга Wildberries янги логистика тарқатиш маркази қурилиши ҳақида маълумот берилди. Бу мамлакатда амалга оширилаётган ана шундай иккита лойиҳадан бири: иккинчи марказ Астанада қурилади. Ҳозирда лойиҳага 12,9 миллиард тенге сармоя киритилди. Қурилиш ишларини 2025 йилнинг II чорагида якунлаш режалаштирилган. 4 мингта иш ўрни яратиш режалаштирилган. Алматида логистика тақсимлаш марказининг ишга туширилиши тадбиркорларга логистика харажатларини камайтириш, товар турларини кенгайтириш ва сотиш ҳажмини ошириш имконини беради. Бу Wildberries компаниясининг Россия Федерациясидан ташқаридаги биринчи шундай лойиҳасидир.

Бундан ташқари, Ҳукумат раҳбари ишчи ташрифи давомида Алмати шаҳрида кичик бизнес субъектларини қўллаб-қувватлаш мақсадида алоҳида иш олиб бораётган кичик саноат парклари дастури ижроси билан танишди. Олжас Бектенов «ALAESTATE» МЧЖга ташриф буюрди. Барча турдаги алоқа билан таъминланган ушбу саноат бинолари кейинчалик сотиб олиш опсияси билан чегирмали ижарага берилади.

Масалан, 2016 йилда дастлаб 150 квадрат метр майдонни ижарага олган Qulpynai қандолат корхонаси бугунги кунда умумий майдони 2880 квадрат метр бўлган 3-цехини ишга туширди. Чегирмали ижара компаниянинг ривожланишига имкон берди, 3 та устахона ва 500 дан ортиқ киши ишлайдиган 17 дўкон очди. Бутун цехнинг ишлаб чиқариш қуввати йилига 900 тоннадан ортиқ тайёр маҳсулотдир.

Алматидаги 11 та кичик саноат паркларининг барчасида 76 резидент ишлайди. 3,6 миллиард тенге сармоя киритилиб, 914 та иш ўрни яратилди. 2026 йилгача 26 та қўшимча лойиҳа амалга оширилади. Бугунги кунда 250 дан ортиқ КЎБ субъектлари саноат парклари резиденти бўлиш истагини билдирган.

Ҳукумат раҳбари иқтисодиётнинг устувор тармоқларида лойиҳаларни амалга ошираётган тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш борасида маъмуриятнинг реал фаолияти муҳимлигини таъкидлади.

“Президентимиз ўз Мурожаатномасида Ҳукуматга кичик бизнес субъектларини кенгайтиришни рағбатлантириш бўйича кўрсатмалар берди. Алмати ва бутун мамлакат иқтисодиёти учун тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва тадбиркорлик фаолиятини рағбатлантириш воситаларини такомиллаштириш муҳим аҳамиятга эга. Саноат зоналари, айниқса, кичик саноат парклари самарали механизмга айланди. Бу ерда тадбиркорлар ишлаб чиқаришни кенгайтириш баробарида иқтисод қилинган маблағларни тақсимлашлари мумкин. Ишни давом эттириш ва тажрибани бошқа ҳудудларга ҳам ёйиш керак”, — деди Олжас Бектенов.

Сўнгги хабарлар