Қозоқ адабиётининг буюк намояндаси Ахмет Байтурсинули 150 ёшда

None
NUR-SULTAN. Kazinform - Ахмет Байтурсинули (Ахмет Байтұрсынұлы) (1872-1937) Қостанай вилоятининг Жангелдин туманидаги Саритубек овулида туғилиб ўсган қозоқ халқининг XX аср бошларидаги миллий-озодлик ҳаракати йўлбошчиларидан бири, давлат арбоби, шоир ва публицист сифатида танилган. Kazinform Ziyouz.uzга таяниб, буюк қозоқ шоирининг шеърларини ўзбек муштарийлари эътиборига ҳавола этади.

У қозоқ тили ва адабиётининг тадқиқотчиси, қозоқ имлосининг ислоҳотчиси, шунингдек, маърифатпарвар шоир ҳамдир. Уни ҳақли равишда қозоқ адабиётшунослиги фанининг асосчиси, деб аташади.


ОҚИН ИНИМГА

Сўзимга қулоғинг сол, оқин иним!

Ўй-фикр ва руҳимиз яқин, иним.

Оғалик ҳуқуқим бор, шундан сенга

Келдим мен ўргатай деб ақл, иним.

Ўзимни оғангдайин тутсам агар,

Бу ишим кўрармисан маъқул, иним?

Оғангнинг гар адашган ери бўлса,

Сўрайман эта қол деб афу, иним.

Жой юрсанг қоқилмайсан, йиқилмайсан,

Йўқса ким бўлар бунга кафил, иним.

От қўйган олд-ортига қарамайди,

Доимо бўлгин биздек фақир, иним.

Тўнғиздай ҳар нени еб семирганлар

Саналиб ақллига ётир, иним.

Миллатнинг арзандаси бўлай десанг,

Ночорнинг кўпроқ егин ҳақин, иним.

Сийласин десанг юртинг қадринг билиб,

Айғирдай мўминларга айқир, иним.

Билимли бўлай десанг эл ичинда,

Тўхтамай сўйлаб, ҳаргиз лоф ур, иним.

Қўлингдан булар бири келмас бўлса,

Кимгадир шотир бўлиб чарх ур, иним.

Сўзингни тинглатайин десанг юртга,

Эт тортиб товоқ-товоқ, чақир, иним.

Оғзи-ла ўроқ ўриб берар ҳар ким,

Қимизни коса-коса шопир, иним.

Эт билан қимиз бериб сўйлаб кўрсанг,

Айтганинг юртга болдай татир, иним.

Илминг гар Афлотундай бўлса ҳамки,

Билки, эт-қимизсиз — бир пақир, иним.

ҚОЗОҚ УДУМИ

Ғоз эдик қатор учиб қанқиллаган,

Саҳрода кўлга қўниб салқинлаган.

Бир ўртга* — қайдан чиққан — дучор бўлиб,

Не қолди танамизда черпилмаган?!

Алашнинг одамининг бари маълум:

Ким қолди тарозига тортилмаган?

«Мен яхши» деганлар кўп, тўлиб ётар,

Яхшилик ўзи бошидан ортилмаган.

Қақиллаб, бийрон-бийрон сўйловчи кўп,

Эпкинлаб, учқур отдай қарқинлаган.

Бўш белбоғ, бўшанг ва суст бўз бола кўп,

Кигиздай чала босиб, қарпилмаган.

Эмгаклаб эт андиган чоллар ҳам кўп,

Термилиб, бир тўйишдан ор қилмаган.

Оқкўнгил, аланг-жаланг одамлар бор,

Ҳисоблаб озин кўпга, анқиллаган.

Қурумсоқ, неча саранг бойлар-да бор,

Қайиқдай тўлқиндаги қалтиллаган.

Баридан тинч уйқуда ётганлар кўп,

Унутиб мақсадини, талпинмаган.

Шуларнинг қаторида биз юрибмиз,

Маст бўлиб мис тугмага — ярқиллаган.

Не нафдир ҳунаринг ва билимингдан,

Энг керак ўринларда сарф қилмаган?

Бу сўз бир ҳасрат эрур, хатга ёзган,

Қолмади ҳеч хосият, қозоқ озган.

Бой — бойир, ўқиганга — шаън-обрў йўқ,

Юрт ғамин ўйлайдиган одам оздан.

__________________

* Ёнғин, олов маъносида.

ЁЗУВЧИ ТАСКИНИ

Бу сўзни биров олмас, биров олар,

Бирови қарамаса, биров қарар.

Ҳаммага бирдек ёқиш осон эмас,

Кимгадир ярамаса, кимга ярар.

Қайсиси ихлос билан қулоқ солар,

Қайсиси ёқтирмайин кўзин олар.

Дунёда суйганим бор, куйганим бор,

Улардан оз бўлса-да, улги қолар.

ҚОЗОҚ ОДАТИ

Қалтиллаб қайиқ миниб, эшкаги йўқ,

Денгизда кетмоқдамиз кечмаги йўқ.

Ел эсса, бўрон турса бу муҳитнинг

Товонни тирамоққа тираги йўқ.

Бу кўйга бугун эмас, кўпдан кирдик,

Олд-ортин англамаган бет-ман кирдик.

Чиқармай бир енгдан қўл, бир ердан сўз,

Олалик олти бақан дард-ман кирдик.

Мисоли бир қудратни синагандай.

«Сақлайди, сақлар бўлса» — шарт-ман юрдик.

Ёт ёқни яратганга кўзгу қилиб,

Яқин-ла аразлашдик, итдай урдик.

Билдирдик элнинг сирин, эрнинг хунин

Берилиб низоларга икки кунлик.

Қиради тентак эси тушдан кейин,

Мушкулин халқимизнинг кейин билдик.

Ҳали ҳам лоқайд, мудроқ элга боқиб,

Айтурга бирон иш йўқ — фалон дерлик.

«Бу тўйни кўп-ла кўрган ёлғиз менми? —

Дейди у, — не бўлса-да юрт-ла кўрдик».

Мирпўлат Мирзо таржималари

Фото очиқ манбалардан олинди.


Сўнгги хабарлар