Қозоғистоннинг ЮНЕСКО ва ИСЕСКО ишлари бўйича миллий комиссияси йиғилиши бўлиб ўтди
ASTANA. Kazinform – Давлат маслаҳатчиси Ерлан Қарин раислигида Қозоғистон Республикасининг ЮНЕСКО ва ИСЕСКО ишлари бўйича миллий комиссиясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди, деб хабар беради Ақорда матбуот хизмати.

Тадбирда тегишли муассасалар вакиллари, шунингдек Қозоғистондаги ЮНЕСКО қўмиталари ва уюшмалари раҳбарлари иштирок этди.
Йиғилишда ЮНЕСКО ва ИСЕСКО ташкилотлари билан ҳамкорликни ривожлантириш бўйича устувор йўналишлар ва режалар муҳокама қилинди. Ерлан Қарин ҚР Президентининг ЮНЕСКО билан ҳамкорлик масалаларига алоҳида эътибор қаратиши ҳақида айтиб ўтди ва унинг топшириқларини бажариш муҳимлигини таъкидлади.
ЮНЕСКО ташкилоти ўтган йил охирида қазоқ халқининг бетакрор анъанаси — «Беташар» маросимини Инсониятнинг номоддий маданий мероси репрезентатив рўйхатига киритган эди. Миллий комиссия аъзолари ушбу қарорни мамнуният билан қарши олдилар. ЮНЕСКОнинг Алматидаги минтақавий офиси раҳбари Амир Пирич Давлат маслаҳатчиси Ерлан Қаринга «Беташар»нинг ушбу рўйхатга киритилгани ҳақидаги оригинал сертификатни топширди.

Шунингдек, йиғилишда Қозоғистоннинг архив ва тарихий-ҳужжатли материалларини ЮНЕСКОнинг “Дунё хотираси” номли халқаро рўйхатига киритиш бўйича ишлар фаоллаштирилиши лозимлигига эътибор қаратилди. Масалан, 14 йиллик танаффусдан сўнг жорий йил апрель ойида “Хонлар шажараси” қўлёзмаси ушбу рўйхатга киритилди.
Учрашувда келгуси тадбирлар юзасидан ҳам фикр алмашилди. Хусусан, ЮНЕСКОнинг Париждаги бош қароргоҳида Нурғиса Тилендиевнинг 100 йиллик юбилейини нишонлаш ҳамда Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтадиган ЮНЕСКОнинг 43-Бош конференциясига тайёргарлик масалалари муҳокама қилинди.