Қозоғистоннинг Толибонга нисбатан сиёсати биз учун янгилик эмас – АҚШнинг Қозоғистондаги элчиси
Вашингтондаги Каспий сиёсат маркази офисида бўлиб ўтган давра суҳбатида АҚШнинг Қозоғистондаги элчиси Дэниел Розенблюм АҚШ ва Қозоғистон ўртасидаги сўнгги йиллардаги муносабатлари ҳақида гапирди, деб хабар беради Kazinform.

Америка дипломатининг қайд этишича, Қозоғистон ва Марказий Осиёдаги географик вазият уларни автоматик равишда АҚШнинг ташқи сиёсатдаги диққатини тортувчи объектига айлантиради.
Барқарорлик ва суверенитет Қўшма Штатларнинг Қозоғистондаги асосий стратегик мақсадлари бўлиб, уларга эришиш учун саъй-ҳаракатларнинг тўртта асосий йўналиши мавжуд:
Биринчидан, АҚШ минтақа давлатлари билан биргаликда халқаро миқёсда муайян сиёсатни ҳимоя қила оладиган сиёсий ва дипломатик соҳада умумий манфаатларни топишга ҳаракат қилади. Бунинг учун энг яхши механизм – C5+1 платформаси. Марказий Осиё давлатларининг бир-бири билан интеграциялашуви, ҳамкорлик қилиши, биргаликда ҳаракат қилиши асосий тамойил сифатида қабул қилинади.
Иккинчиси, хавфсизлик ва чегара ҳимояси, терроризмга қарши кураш, трансмиллий таҳдидларни бартараф этиш ва Марказий Осиё давлатлари, жумладан, Қозоғистонга ёрдам кўрсатиш билан боғлиқ.
Учинчи йўналиш – иқтисодий йўналиш. Бу савдо ва сармоявий алоқаларни кенгайтириш ва катта иқтисодий муваффақиятлар учун техник ёрдам кўрсатишни ўз ичига олади.
Тўртинчиси – инсон ҳуқуқлари. АҚШ-Қозоғистон муносабатларида бу масалага катта эътибор қаратилмоқда, чунки тўғри бошқарувсиз ва инсон ҳуқуқлари ҳурмат қилинмай, узоқ муддатли перспективада барқарорлик ва суверенитет бўлмайди.
“Бу тўрт йўналишда турли суръатларда, турли соҳаларда маълум натижаларга эришдик ва умуман Қозоғистон билан сезиларли натижаларга эришилди”, – деди элчи Д.Розенблюм.
Америка элчисига берилган саволлардан бири Ғарб санкциялари билан боғлиқ эди. Хусусан, америкалик аудитория Қозоғистоннинг Ғарб санкцияларини сақлаб қолган ҳолда Россия билан тўлиқ иқтисодий ҳамкорликка интилиши бир-бири билан мос келадими? деган саволга қизиқиш билдирган.
Д.Розенблюм Қозоғистон 2022 йилдан бери санкцияларга қатъий амал қилганини таъкидлади. АҚШ ва Қозоғистон санкцияга киритилган товарларнинг қайта экспорт қилинишини олдини олиш бўйича ҳамкорликда катта саъй-ҳаракатлар қилди.
У Қозоғистон санкцияларни бузмаган ҳолда Россия билан иқтисодий алоқаларини мустаҳкамлаётган бошқада кўплаб соҳалар борлиги таъкидлади.
Яна бир қизиқ савол, Астананинг Толибонни тақиқланган ташкилотлар рўйхатидан чиқариш қарори Вашингтон билан муносабатларга қандай таъсир қилиши бўлди. Элчининг қайд этишича, бу Оқ уй учун кутилмаган ҳодиса эмас. Чунки АҚШ Афғонистон масаласида Марказий Осиёнинг барча давлатлари билан мунтазам маслаҳатлашиб туради.
“Бу икки томонлама муносабатларимизга фундаментал таъсир қилади, деб ўйламайман, чунки асосий тамойиллар ҳамон умумий бўлиб қолади”, – деди Д.Розенблюм.
Элчи, шунингдек, Транскаспий савдо йўлаги ёки “Ўрта каридор” Қозоғистон ва АҚШ ҳукуматлари учун иқтисодий устувор йўналиш бўлиб қолаётганини таъкидлади.
“Ўрта коридор”ни ривожлантиришнинг асосий мақсади юк ташиш тезлигини ошириш ва харажатларни камайтириш бўлиб, бу минтақа давлатларидан ҳамкорликни ҳамда юк ташиш стандартлари ва тартибларини мувофиқлаштиришни талаб қилади”, – деди Д. Розенблум.