18:38, 16 Ноябрь 2022 | GMT +5
Қозоғистоннинг табиий бойлиги олигархларга эмас, балки бутун халққа тегишли бўлади - Президент
ASTANA. Kazinform - Бундан буён Қозоғистоннинг барча табиий бойликлари ўз манфаатларини ҳимоя қиладиган олигархлар ва плутократ амалдорларга эмас, балки бутун халққа тегишли бўлади. Бу ҳақда Давлат раҳбари Қасим-Жомарт Тоқаев Алматида талабалар ва ёш олимлар билан учрашувда маълум қилди, дея хабар беради Kazinform.
Давлат раҳбари Алмати мамлакатнинг илм-фан ва таълим марказларидан бири эканини таъкидлади.
«Машҳур Қаниш Сатбаев шу шаҳарда Фанлар академиясига асос солган. Академия деворларида кўплаб олимларимиз қозоқ илм-фани ривожига улкан ҳисса қўшган. Кекса авлод вакилларининг шарафли йўли муносиб давомини топиши керак»
, - деди Президент.
Давлат раҳбари ҳозирда дунёдаги энг қиммат ва капиталга бой компаниялар финтех, сунъий интеллект, IT ва бошқа илғор технологиялар асосида маҳсулот ва хизматлар ишлаб чиқараётганини таъкидлади.
«Улар ўз мамлакатларига дунёнинг энг зўр муҳандисларини таклиф қилмоқдалар. Бунинг сабабларидан бири шундаки, илм-фан гигант саноатга айланди. Бу саноат бутун иқтисодиётни янги босқичга кўтарувчи тармоқ сифатида шаклланмоқда. Бу жаҳон тендентсиясидан четда қолмаслигимиз керак. Мамлакатимиз узоқ йиллар давомида асосан нефтга таяниб келган. Аммо ҳозир - вақт бошқача. Биз инсон капитали табиий бойликдан муҳимроқ бўладиган даврга кирдик»
, – деди Давлат раҳбари.
Президентнинг сўзларига кўра, Қозоғистонда юқори сифатли техник кадрлар етишмайди.
«Бугун кўп нарса ўзгарди. Энг яхши техник мутахассисларга талаб юқори. Муҳандислик нуфузли ва иқтисодий фойдали касбга айланди. Кейинги йилларда ёшларнинг техник касбларга қизиқиши ортиб бораётганини кўриш мумкин. Айни пайтда мамлакатимиздаги 610 минг талабанинг 112 минг нафари техник йўналишларда таҳсил олмоқда. Қозоғистонда иқтисодиётнинг янги тармоқлари жадал ривожланмоқда. Масалан, яқин йилларда биргина маҳаллий IT соҳада 150 минг янги иш ўрни яратилади»
, - деди Қасим-Жомарт Тоқаев.
Давлат раҳбари Қозоғистоннинг табиий бойликларини бошқариш масаласига тўхталди.
«Бундан буён Қозоғистоннинг барча табиий бойликлари олигархлар ва уларнинг манфаатларини ҳимоя қилувчи плутократ-мансабдорларга эмас, балки бутун халққа тегишли бўлади. Биз ушбу муҳим қоидани Конституция даражасида тасдиқладик. Ваҳоланки, мамлакатнинг энг муҳим бойлиги бу инсондир. Бинобарин, уларнинг ўз қобилиятини рўёбга чиқариши учун барча шароитларни яратиш давлатнинг асосий вазифасидир»
, – деди Президент.
Фото: akorda.kz