Қозоғистоннинг сармоявий салоҳияти қандай
Айни пайтда хорижий инвесторларни жалб этиш бўйича кенг кўламли ишлар олиб бориляпти. Уларнинг йирик лойиҳаларни амалга ошириш имкониятлари ҳам сезиларли даражада кенгайтирилди. Мамлакатда қулай сармоявий муҳит яратиш чора-тадбирлари, сармоя ҳажми ортиб бораётган тармоқлар, ҳудудлардаги инвестиция ҳажми ҳақида батафсил Kazinform экспертининг материалида ўқинг.
Қозоғистонга қанча сармоя жалб этилди
Бугунги кунда мамлакатда ишлаш истагида бўлган хорижий инвесторлар сони ортиб боряпти. Сўнгги 30 йилда Қозоғистонга дунёнинг 120 дан ортиқ давлатидан 370 миллиард доллардан ортиқ хорижий инвестициялар жалб этилган. Уларнинг аксарияти Европа мамлакатлари ва АҚШга тегишли. Ўтган йил 1 ноябрь ҳолатига кўра, мамлакатда хорижий капитал иштирокидаги 45 минг 800 дан ортиқ корхона рўйхатга олинган. Уларнинг сони 2021 йилнинг мос даврига нисбатан 42 фоизга ошган. Шу боисдандирки, мамлакатга жалб этилаётган сармоя ҳажми ҳам ортди. Масалан, 2022 йилнинг тўққиз ойида Қозоғистонга киритилган тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар умумий ҳажми қарийб 22,1 миллиард долларни ташкил этди, бу 2021 йилнинг мос даврига нисбатан 17,8 фоизга кўпдир. Дастлабки маълумотларга кўра, 2022 йилда тўғридан-тўғри инвестицияларнинг умумий миқдори 27 миллиард долларга баҳоланяпти. Айни пайтда умумий қиймати 30 триллион тенге бўлган 850 та инвестиция лойиҳасидан иборат республика пул жамғармаси билан иш олиб бориляпти.
Таъкидлаш жоизки, хорижий инвестициялар оқими мамлакат иқтисодиётининг режали ривожланишига таъсир кўрсатди. Жорий йил 29 мартда бўлиб ўтган VIII сайланган Парламентнинг биринчи сессиясида иштирок этган Давлат раҳбари Қасим-Жомарт Тоқаев ҳам сармоя жалб этиш муҳимлигини таъкидлади.
«Қозоғистондаги жорий иқтисодий модель сармояга, биринчи навбатда, хомашё секторига асосланган. Ҳукумат зиммасига иқтисодиётнинг асосий тармоқларига инвестицияларни жалб этиш вазифаси қўйилган. Улар орасида хориждан сармоя жалб этишга алоҳида эътибор қаратиш лозим. Улар ўрта бизнес ривожига реал туртки бериши керак», - деди Давлат раҳбари Парламент мажлисидаги нутқида.
Инвестициялар ҳажми қайси соҳаларга ошди
Инвестициялар умумий ҳажмида тоғ-кон саноати энг катта улушга (30%) эга. 2022 йилда соҳага жами инвестициялар ҳажми 4,5 триллион тенгени ташкил этди, бу 2021 йилга нисбатан 14,6 фоизга кўпдир.
2022 йилда ишлаб чиқариш саноатига жами инвестициялар ҳажми 1,5 триллион тенгени ташкил этди, бу 2021 йилга нисбатан 5,6 фоизга кам. Бу соҳага йўналтирилган инвестициялар улуши ҳам камайиб, йил якунларига кўра асосий капиталга йўналтирилган инвестициялар умумий ҳажмининг атиги 10 фоизини ташкил этди.
Инвестицияларнинг ярмидан кўпи металлургия ишлаб чиқаришга (606 миллиард тенге ёки қайта ишлаш саноатига киритилган инвестицияларнинг 40 фоизи) ва кимё маҳсулотлари ишлаб чиқаришга (230 миллиард тенге ёки қайта ишлаш саноатига киритилган инвестицияларнинг 15 фоизи) йўналтирилди. Кўчмас мулк секторининг инвестиция кўрсаткичлари 3,1 триллион тенгега (ўтган йилга нисбатан 15,2 фоизга), транспорт ва омборларда сақлаш хўжалиги 1,6 триллион тенгега (5,4 фоизга) ва қишлоқ хўжалиги 853,5 миллиард тенгега (6,7 фоизга ўсди).
2021 йилда иқтисодиётнинг нонефть тармоқларига киритилган инвестициялар ҳажми (давлат бюджети инвестицияларини ҳисобга олмаганда) 7,4 триллион тенгени ташкил этди ва 4,8 фоизга ўсди.
Асосий капиталга киритилган инвестицияларнинг аксарини инвесторларнинг шахсий маблағлари ташкил этиб, 11,1 триллион тенгега етган ва ўтган йилга нисбатан (9,4 триллион тенгедан) 18,4 фоизга ўсди.
Асосий капитал қўйилмалари учун бюджет маблағлари ҳажми 13 фоизга ўсди (2,0 дан 2,3 трлн тенгегача). Шу билан бирга, асосий капиталга йўналтирилган инвестициялар умумий ҳажмида бюджет маблағларининг улуши 2021 йил даражасида (16 фоиз) сақланиб қолмоқда. Банклар ва бошқа ташкилотларнинг иқтисодиётни молиялаштиришдаги иштироки 167 миллиард тенгега камайди ва 1,6 триллион тенгени ташкил қилди.
Энг сармоядор 10 та давлат
Қозоғистонга сармоя киритган энг йирик 10 та инвестор давлат қаторига Голландия, АҚШ, Швейцария, Бельгия, Россия, Жанубий Корея, Хитой, Франция, Буюк Британия ва Туркия киради.
Сўнгги маълумотларга кўра, масалан, Нидерландия – 5,5 миллиард доллар, АҚШ – 5 миллиард, Швейцария – 2,6 миллиард, Бельгия – 1,3 миллиард, Россия – 1,3 миллиард ва Жанубий Корея – 1,1 миллиард доллар сармоя киритган. Жанубий Кореядан тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар оқими эса икки томонлама муносабатлар тарихида рекорд даражага етди.
Эндиликда 2023 йилда иқтисодиётга камида 24,4 миллиард долларлик хорижий сармоя жалб этиш вазифаси турибди. Аввалроқ Бош вазир Алихан Смаилов Ҳукумат бунинг учун барча зарур шарт-шароитларни яратаётганини таъкидлаган эди.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, Қозоғистонда сармоя киритиш соҳасида кенг кўламли ишлар амалга оширилганини кўриш мумкин. Хусусан, хорижий инвесторларнинг Қозоғистонда ишлаши учун қулай сармоявий муҳит яратилган.
Муаллиф: Назерке Суйиндик