Қозоғистоннинг ички сиёсати концепцияси қандай ишлаб чиқилмоқда
ASTANА. Кazinform – Мамлакатда ички сиёсат концепцияси ишлаб чиқилмоқда. Бу ҳақда ҚР Давлат маслаҳатчиси Ерлан Қарин маълум қилди.

– Айни пайтда мазкур ҳужжатни тайёрлаш бўйича ишлар режа асосида олиб борилмоқда. Бурабайдаги Миллий қурултойдан сўнг унинг якунлари бўйича навбатдан ташқари йиғилиш ўтказдик ва унда Миллий қурултойда кўтарилган ҳар бир ташаббусни, Президентнинг ҳар бир топшириғини ҳаётга татбиқ этиш бўйича махсус режа қабул қилдик. У бир нечта бандлардан иборат. У ерда ҳар бир ташаббус ва топшириқ учун муддатларни белгилаб, режалаштирганмиз. Ушбу ҳужжатга мувофиқ, барча вазифаларни тўғри бажариш бўйича ишлар олиб борилмоқда, – деди Ерлан Қарин Мажилис депутати Нартай Аралбайули билан суҳбатда.
Давлат маслаҳатчиси, шунингдек, ҳужжатни тайёрлашга мутахассислар жалб қилинганини айтиб, бунинг сабабини тушунтирди.
– Биз биринчи навбатда мутахассисларни жалб қилмоқдамиз. Чунки бу кенг қамровли ҳужжат. Ундаги ҳар бир тамойил батафсил ишлаб чиқишни талаб қилади. Асосий лойиҳа Айдос Сарим, Данияр Ашимбаев, Марат Шибутов ва бошқа ҳамкасблар, яъни Парламент депутатлари иштирокида тайёрланган. Миллий қурултойда ҳамкасбларимиз нафақат шундай ҳужжат қабул қилиниши кераклиги ҳақидаги фикрни билдиришди, балки ўша ҳужжатга киритиш учун асосий режани ҳам тайёрладилар. Кейинчалик Қозоғистон стратегик тадқиқотлар институти мутахассислари билан биргаликда уни янада такомиллаштириш ва расмийлаштириш ҳамда ҳужжатнинг асосий вариантини тақдим этдик. Ўшандан бери ҳужжатнинг тузилиши ва мазмуни ҳар бир муҳокамадан кейин камида 50 фоизга ўзгарган бўлиши мумкин. Биз ҳатто баъзи бобларни бутунлай олиб ташладик ёки янги қисм ва бобларни қўшдик.
Асосан, экспертлар ҳамжамияти ва Миллий қурултой аъзолари фаол иштирок этмоқда. Миллий қурултой аъзолари шунчаки шахслар эмас, ҳар бир шахс маълум бир жамоа, маълум бир гуруҳ вакилидир. Шу боис, турли йўналиш ва қарашларга эга бўлган фуқароларнинг таклифларини инобатга олишга ҳаракат қилмоқдамиз. Ушбу ҳужжат ҳар томонлама, бугунги кунда жамиятда шаклланган сиёсий плюрализмга мос, турли фикр ва қарашларга эга фуқароларнинг фикр ва таклифларини инобатга олган ҳолда имкон қадар кенг қамровли бўлишига ишонаман, – дейди у.
Ерлан Қарин ички сиёсат концепциясининг мақсадини янада тушунтириб берди.
— Бу ҳужжат баъзилар ўйлаганидек, мафкуранинг декларацияси ва тасдиғи эмас. Ижтимоий тармоқларда баъзи шарҳларни ўқидим. Айрим экспертлар бу ҳужжатда миллий мафкурани эълон қилиш ва тасдиқлаш керак, дейди. Бу ҳужжатнинг мақсади мамлакатда маълум бир сиёсий мафкурани расман ўрнатиш, деб тушунмаслик керак.
Фармон, буйруқ ёки қонун орқали маълум бир мафкура ёки ғояни ўрнатиш мумкин эмас. У жамият, давлат ва мамлакат тараққиёти билан белгиланади. Шунинг учун ҳам бу ҳужжатдан мақсад маълум бир мафкура, маълум бир ғояни идорада ўйлаб топиш ва эълон қилиш эмас. Ҳужжатнинг асосий мақсади давлат ички сиёсати бўйича олиб борилаётган ишларни тизимлаштириш, — дея қўшимча қилди Давлат маслаҳатчиси.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Давлат маслаҳатчиси Коррупцияга қарши кураш комиссиясининг йиғилишини ўтказгани ҳақида хабар берган эдик.