Қозоғистоннинг 4 та ғарбий вилоятини комплекс ривожлантириш режаси қабул қилинди
– Ғарбий ҳудудларнинг ўзига хос хусусиятлари ва мамлакатимиз иқтисодиёти ривожига қўшаётган ҳиссасини инобатга оладиган бўлсак, мазкур ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан янада ривожлантириш, аҳоли фаровонлигини ошириш ғоят долзарб масаладир. Ўтган йили Манғистау ва Атирау вилоятлари бўйича комплекс режалар қабул қилинган эди. Уларни такомиллаштириш ва қўшимча маблағ билан таъминлаш керак. Ақтўбе ва Ғарбий Қозоғистон вилоятларига келсак, минтақавий режалар бугун биринчи марта тасдиқлаш учун тақдим этилди», — деди бош вазир Алихан Смаилов.
Унинг сўзларига кўра, комплекс режалар нафақат иқтисодиётнинг айрим тармоқларини ривожлантириш, балки аҳолини сифатли сув билан таъминлаш, таълим ва соғлиқни сақлаш хизматларидан фойдаланиш, янги иш ўринлари яратиш каби муҳим масалаларни ҳал этишга ҳам қаратилиши керак.
«Масалан, Ақтўбе вилоятида 2025 йилгача саноат ҳажмини 2,8 триллион тенгега етказиш ва 39 мингдан ортиқ қўшимча иш ўринлари яратиш режалаштирилган. Ғарбий Қозоғистон вилоятида 2000 км дан ортиқ электр узатиш линиялари модернизация қилинади, бу эса тармоқларнинг эскиришини сезиларли даражада камайтиради. 38 мингдан ортиқ янги иш ўрни яратилади. 2,1 триллион тенгега яқин хусусий инвестицияларни жалб этиш режалаштирилган. Атирау вилоятида электр узатиш линияларида тез-тез содир бўладиган аварияларнинг олдини олиш учун тегишли чоралар кўрилади. 40 мингдан ортиқ янги иш ўрни яратилади. 8,3 триллион тенгега яқин хусусий инвестицияларни жалб этиш режалаштирилган», — деди у.
Бош вазирнинг сўзларига кўра, Манғистау вилоятида сув танқислигини ҳисобга олиб, 9 та сувни чучуклаштириш заводи ва ускунасини қуриш ҳамда кенгайтириш назарда тутилган. Шунингдек, 55 мингдан ортиқ иш ўрни яратиш режалаштирилган.
«Ҳужжатларда буджетдан ташқари маблағларни жалб қилишга устувор аҳамият берилган ва шуни таъкидламоқчиманки, бу жуда маъқул. Асосийси, вилоят аҳли имкон қадар ижобий ўзгаришларни ҳис қилиши керак. Улар келажакка ишонч билан қарашлари, ишлашлари, пул топишлари, бизнесларини ривожлантиришлари, яхши даволанишлари, сифатли таълим олишлари керак. Аҳолининг ҳаёт сифатини сезиларли даражада яхшилаш учун барча имкониятлардан фойдаланиш зарур. Биз одатда ҳужжатларни тасдиқлаймиз. Миллий иқтисодиёт вазирлиги, ҳокимликлар, манфаатдор давлат органлари ва ташкилотларига комплекс режадаги чора-тадбирларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилишини таъминлашни топшираман», — деди Алихан Смаилов.
Муаллиф: Марлан Жиембай