Қозоғистонни референдумдан кейин нима кутмоқда - плебисцит бўйича бешта савол

None
ASTANА. Кazinform – Жорий йилнинг 5 июн куни бўлиб ўтган умумхалқ референдуми, шубҳасиз, 2022 йилнинг мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги энг муҳим воқеаларидан бири бўлди. У ерда аҳолининг аксарияти Конституцияга ўзгартиришлар киритишни ёқлаб овоз берди. Ушбу воқеадан кейин мамлакатда қандай ўзгаришлар юз берди? Кazinform эксперти ўз материалида референдумга оид энг долзарб бешта саволга жавоб беришга ҳаракат қилди.

1. Референдум нима?

Референдум - муҳим давлат масаласини ҳал қилиш учун умумхалқ овоз бериш. Референдумга Конституцияни, конституциявий қонунларни, қонунларни қабул қилиш, уларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, республиканинг бошқа муҳим масалалари қўйилиши мумкин. Референдумда 18 ёшга тўлган ҳар бир фуқаро овоз бериш ҳуқуқига эга. Фуқароларнинг овоз беришлари яширин ўтказилади. Референдумни молиялаштириш республика бюджети ҳисобидан амалга оширилади. Референдум ўтказувчи округ комиссияси фуқароларни овоз бериш вақти ва жойи тўғрисида овоз бериш кунидан камида ўн кун олдин хабардор қилади. Шунингдек, референдумга қўйилган Конституция матни, унга киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар овоз бериш варақасининг кўзга кўринган жойига жойлаштирилиши керак.

2. Қозоғистон тарихида нечта референдум ўтказилган

Мустақил Қозоғистонда шу кунгача учта референдум ўтказилди. Биринчи референдум 1995 йил 29 апрелда бўлиб ўтган. Ўшанда Қозоғистон Президентининг ваколат муддатини узайтириш масаласи овозга қўйилган эди. Кейинги конституциявий референдум 1995 йил 30 августда бўлиб ўтди. У ерда амалдаги Конституция қабул қилинган. Қозоғистон тарихидаги учинчи референдум шу йилнинг июн ойида ташкил этилгани ҳақида юқорида айтиб ўтгандик. 2022 йил 29 апрел куни Давлат раҳбари Қасим-Жомарт Тоқаев Қозоғистон халқи Ассамблеяси сессиясида Конституцияга ўзгартиришлар киритиш масаласи бўйича референдум ўтказишни таклиф қилган эди. Мамлакат ҳаётидаги энг муҳим референдум тўғрисидаги фармон 5 майда эълон қилинган, роппа-роса бир ой ўтиб, аниқроғи 5 июн куни ўтказилди.


3. Референдумдан кейин Конституция қандай ўзгарди

Референдум орқали Конституциянинг учдан бир қисмига, яъни 33 та моддага 56 та ўзгартириш киритилди. Агар асосий ўзгаришларга эътибор қаратадиган бўлсак, улар:

- Қозоғистон супер-президентлик бошқарув шаклидан нуфузли парламентга эга президентлик шаклига ўтди;

- Президентнинг яқин қариндошларига давлат органларида ва квазидавлат секторида юқори лавозимларни эгаллаш тақиқланди;

- Ер ва ер ости бойликлари халққа тегишли бўлди;

- Қозоғистонликлар тўғридан-тўғри Конституциявий судга мурожаат қилишлари мумкин;

- Қозоғистонда ўлим жазоси бекор қилинди;

- Мажилиснинг депутатлик корпуси аралаш сайлов тизими бўйича тузилади;

- Сенатдаги президентлик квотаси қисқартирилади, Қозоғистон халқи Ассамблеясидан Мажилисда депутат бўлмайди;

- Императив мандат депутат ваколатини сайловчиларнинг хоҳишига кўра тугатиш имконини беради.


4. Референдум қандай натижа берди

Референдум бўйича Марказий комиссия маълумотларига кўра, 5 июн куни бўлиб ўтган мамлакат Конституциясига ўзгартириш киритиш бўйича референдумда жами 7 миллион 985 минг 769 нафар қозоғистонлик иштирок этган. Бу сайловчиларнинг 68,05 фоизини ташкил қилади. Уларнинг 77,18 фоизи ёки 6 миллион 163 минг 516 нафари ўзгартишларни ёқлаб овоз берди.

Референдум Қозоғистон халқи давлатнинг сиёсий архитектурасини қайта шакллантириш, ҳокимият тармоқлари ўртасида ўзаро тийиб туриш ва мувозанатни сақлашнинг мувофиқлаштирилган тизимини яратиш, давлат тараққиётининг янги йўналиши – «Янги, адолатли Қозоғистон»ни қўллаб-қувватлашини кўрсатди.


5. Қозоғистон халқини қандай ўзгаришлар кутмоқда

Давлат раҳбари Қасим-Жомарт Тоқаев референдум якунлари бўйича Қозоғистон халқига мурожаат йўллади. Унинг айтишича, референдум натижасида ҳокимият тармоқлари ўртасидаги алоқанинг янги моделини яратиш, фуқароларнинг давлат бошқарувида иштирок этишига кенг йўл очиш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш тизими мустаҳкамланган. «Охирги уч йил ичида амалга оширилган сиёсий ўзгаришлар белгиланиб, давлатимизни янада мустаҳкамлаш учун мустаҳкам пойдевор яратилади. Бундан буён адолат, ошкоралик ва меҳр-оқибат тамойилларига қатъий амал қилинади. Биз референдум орқали мисли кўрилмаган ташқи ва ички синовларга бардош бера олишимизни исботладик. Конституциявий ислоҳотни амалга оширишга киришдик», - деди Давлат раҳбари.

Фото: akorda.kz

Қонунга киритилган ўзгартиришларга кўра, Конституциявий суд ўз фаолиятини 2023 йил 1 январдан бошлайди. Эндиликда ҳар бир фуқаро ўз Конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларини бевосита шу органда ҳимоя қилиши мумкин. Шунингдек, Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилнинг мақоми, ваколатлари ва мустақиллиги кафолати биринчи марта Конституциявий қонун даражасида тасдиқланмоқда. Бош прокуратуранинг ҳуқуқни муҳофаза қилиш функцияси ҳам кучайтирилди. Бу соҳани янада ҳар томонлама ривожлантириш давлатимиз учун доимо устувор йўналиш бўлиб қолади.

Давлат раҳбари таъкидлаганидек, мамлакатнинг асосий бойлиги – халқимиз, унинг фаровон ҳаётидир. Бу борада Конституцияга яқинда киритилган янги қоидалар алоҳида аҳамият касб этишини таъкидлади. Президент Қозоғистоннинг аралаш сайлов тизимига ўтиш тартиби парламент томонидан қабул қилинган қонунларда белгилаб берилганини таъкидлади. Эндиликда Мажилиснинг ўттиз фоизи, вилоят маслихатлари депутатларининг ярми, барча туманлар маслихатлари депутатлари бир мандатли сайлов округлари бўйича сайланади. Натижада вакиллик органлари ҳақиқий халқ ҳокимиятининг бир тармоғига айланади. Қонунчиликка киритилган ўзгартишларга кўра, туман ва вилоят аҳамиятига эга шаҳарлар ҳокимлари ҳам сайланади. Пировардида, бу қадамлар халқ фаровонлигини юксалтириш, юрт келажаги порлоқ бўлишига хизмат қилмоқда.

Муаллиф: Венера Жоламанқизи

Сўнгги хабарлар
telegram