Қозоғистонликларнинг 73 фоизи ўз мамлакати тўғри йўналишда ривожланаётганига ишонади
ASTANA. Kazinform – Қозоғистон стратегик тадқиқотлар институти томонидан ўтказилган сўров натижаларига кўра, фуқароларнинг 73,3 фоизи мамлакат тўғри йўналишда ривожланмоқда, деб ҳисоблайди.

Ҳукумат ташаббусларини қўллаб-қувватлашнинг энг юқори даражаси ёшлар орасида бўлди – 18-29 ёшдаги респондентларнинг 82 фоизи уни қўллаб-қувватлади. Қизиғи шундаки, аёллар (75,3 фоиз) эркакларга (71,1 фоиз) нисбатан мамлакат ривожига кўпроқ оптимистик қарашади.
“Жамоатчилик кайфиятининг муҳим кўрсаткичи – халқнинг мамлакат Президентига бўлган ишончидир. Ижтимоий сўров натижаларига кўра, мамлакатимиз аҳолисининг 76,4 фоизи Давлат раҳбарига ишонч билдирган. Президентга ишончнинг энг юқори даражаси ёшларда — 84,6 фоиз, аёлларда — 78,1 фоиз (эркаклар орасида — 74,5 фоиз) кузатилди. Қишлоқ ва шаҳар аҳолиси ўртасидаги ишонч даражасида сезиларли фарқ йўқ, мос равишда 76,8% ва 76,1%”, – дейилади Қозоғистон Стратегик тадқиқотлар институти баёнотида.
Шу билан бирга, респондентларнинг ярмидан кўпи — 60,8 фоизи мамлакатнинг кейинги беш йилдаги ривожланиш истиқболларини “яхши” ва “жуда яхши” деб баҳоламоқда.
Бу ижтимоий оптимизм ҳаётдан қониқиш каби ижтимоий кайфият кўрсаткичларида ҳам ўз аксини топади. “Умуман олганда, ҳаётингиздан қанчалик қониқасиз?” деган саволга респондентларнинг 57,3 фоизи “қониқарли”, 32,8 фоизи “жуда қониқарли” деб жавоб берган.
Шунингдек, респондентлар мамлакат сиёсати, иқтисодиёти ва жамият ҳаётига оид маълумотларни онлайн ОАВ (30,3 фоиз) ва ижтимоий тармоқлардан (34,7 фоиз) олишни маъқул кўришини қайд этди.
18 ёшдан ошган 8000 нафар респондент иштирок этган тадқиқот 17 та вилоят ва 3 та республика аҳамиятига эга шаҳарни қамраб олди. Сўров 2025 йилнинг 20 мартидан 20 апрелига қадар аҳолининг ижтимоий-демографик тузилишини акс эттирувчи танлама асосидаги шахсий суҳбатлар (CAPI) ёрдамида ўтказилди.