Қозоғистонликларни АЭС билан боғлиқ 5 та асосий савол ташвишга солмоқда – Мурат Тўлегенов

ALMATY. Кazinform - ҚР Президенти ҳузуридаги Қозоғистон Стратегик тадқиқотлар институти ва ҚР Президенти ҳузуридаги ҚР Миллий фанлар академияси ҳамкорлигида Алмати шаҳрида ўтказилган йиғилишда экспертлар тинч атом мавзусини муҳокама қилдилар.

Мурат Тўлегенов
Фото: Досбол Атажан / Kazinform

ҚР Энергетика вазирлиги Ядро физикаси институти департамент директори Мурат Тўлегеновнинг айтишича, АЭС қурилиши билан боғлиқ ҳолда Қозоғистон халқини ташвишга солаётган 5 та асосий масала бор.

— Президент ўз Мурожаатида референдум ўтказилишини эълон қилганидан сўнг, Энергетика вазирлигида халқ штаби ташкил этилди. Ядро физикаси институти вакиллари мамлакатимиз ҳудудларида бўлиб, вилоят марказларида халқ билан учрашди. Мен Ақтау, Атирау, Ақтўбе, Орал шаҳарларида бўлдим. Натижада ҳамма жойда фуқароларни 5 та асосий савол қизиқтираётганини аниқладик. Биринчиси - коррупция. Аммо давлатимиз атом электр станциясини қуришни бошлаб, ишга туширса, у тўлиқ Атом энергияси бўйича халқаро агентлик назоратига ўтади. МАГАТЭ исталган вақтда ҳеч қандай огоҳлантиришсиз институтимизга ташриф буюради, - деди олим.

Шунингдек, Мурат Тўлегенов қуйидаги саволларга тўхталиб, Балқаш кўлининг қуриб қолиш хавфи йўқлигини таъкидлади.

- Иккинчи савол - Балқаш кўли. Айримларнинг фикрича, АЭСга сув олинса, кўл хавф остида қолади. Балқаш кўлининг ҳажми - 180 млрд м3. АЭСга олинадиган сув эса кўлдаги табиий буғланишнинг 0,33% га тенг.

Яна бир савол шундаки, ишлатилган илиқ сув Балқаш кўлига қуйиладими? Йўқ, бу сув кўлга қайтарилмайди.

Учинчи савол - электр энергиясининг нархи. Бу ҳақда фикр билдиришга ҳали эрта. Келгусида иқтисодчилар ҳисобот беришади. Лекин, менимча, бу қиммат бўлмайди.

Экспертнинг фикрича, халқни ўйлантираётган навбатдаги савол - атом реактори қурилиши билан шуғулланадиган давлатни аниқлаш.

- Тўртинчи - "АЭСни ким қуради?" деган савол. Ҳозирда 4 та таклиф бор: Франция, Хитой, Россия ва Жанубий Корея. Референдум натижаси ижобий бўлса, тендер ўтказилади. Кимда энг яхши таклиф бўлса, у имкониятга эга бўлади.

Бешинчиси - керакли мутахассислар борми? Шу ўринда шуни таъкидлаш жоизки, Қозоғистон биринчи марта атом энергиясидан фойдаланмоқчи эмас. Бизда тажриба бор. БН-350 реактори 1973-1993 йилларда Ақтауда ишлаган. Институтда 3 та ўқув марказимиз бор. Улар орасида радиациявий хавфсизлик маркази ярим йил давомида 56 нафар мутахассис тайёрлади. Жами 2 мингдан ортиқ мутахассис тайёрланди. Шунингдек, мамлакатимиз университетлари билан меморандумимиз бор. Охирги курсларда таҳсил олаётган ядро физиклари бевосита бизда тайёрланади, - деди у.

Эслатиб ўтамиз, бундан олдин атом соҳасида Қозоғистондан кам тажрибага эга бўлган давлатлар ҳам АЭС қураётганлиги ҳақида хабар берилган эди.

Сўнгги хабарлар