Қозоғистонликлар талабалар ётоқхоналари қурилишига сармоя киритишлари мумкин
Ётоқхоналарда ўрин етишмаслиги муаммоси барча ҳудудлар учун долзарбдир. Статистик маълумотларга кўра, мамлакатда ётоқхонага муҳтож талабалар сони 62 мингдан ошади. Ётоқхоналарга асосий талаб Алматида - 22 минг ўрин ва Нур-Султанда - 17 минг ўринга эҳтиёж бор.
Қозоғистон Республикаси Таълим ва фан вазирлигининг «Молия маркази» AЖ матбуот хизмати хабарига кўра, 2021 йилдан бошлаб мактаб битирувчилари сони сезиларли даражада ошди. Масалан, жорий йилда 163 мингдан ортиқ киши мактабни тамомлайди, 2025 йилга бориб бу кўрсаткич 302 нафарга етиши мумкин.
Ушбу муаммони ҳал қилиш учун ҳар бир юридик шахс (давлат органларидан ташқари) талабалар учун ётоқхона қуриб, даромад олиши мумкин бўлган механизм ишлаб чиқилди.
Масалан, лойиҳада иштирок этиш истагида бўлган қурувчи 8 йил ичида ўз маблағлари ҳисобидан объект қуриб, фойдаланишга топширгандан сўнг ҳақиқатда олган ҳар бир ўрин-жой учун давлатдан тўлов олади.
Давлат буюртмаси бўйича тўловлардан ташқари, инвесторнинг ўзи турар жой учун ҳар бир талабага ўртача 15-20 минг тенге олади (нарх мустақил равишда белгиланади).
Шунингдек, инвестор учун «Оддий нарсалар иқтисодиёти» ва «Бизнеснинг йўл харитаси 2020-2025» («Даму» жамғармаси) бўйича банк кредитларини 9 фоизгача субсидиялаш ва тайёр лойиҳа-смета ҳужжатларини (стандарт ва индивидуал) тақдим этиш каби қўшимча имкониятлар мавжуд.
– Инвестор тижорат майдонидан ҳам қўшимча даромад олиши, яъни ётоқхона негизида ошхона, сартарошхона ва бошқа объектлар очиши мумкин. Лойиҳада иштирок этиш имкониятлари ва талаблари билан 8 800 080 28 28 рақамига қўнғироқ қилиб, батафсил маълумот олиш мумкин», — дейилади хабарда.