Қозоғистонликлар билимга жуда қизиқади – америкалик олим
ALMATY. Kazinform – Америкалик астрофизик олим, Аризона штатидаги Ер ва космик тадқиқотлар университети профессори Лоуренс Краусс Алматида ўтказилган IQ BBQ илмий-мусиқий фестивалида иштирок этди. У коинот ва фан ҳақида маъруза қилди.
Тадбир давомида америкалик астрофизик Қозоғистон ҳақида ўз фикрларини билдирди.
“Қозоғистонга учинчи, Алматига иккинчи ташрифим. Менга Алматининг тоғлари ва одамлари жуда ёқди. Мен маҳаллий университетларда бир неча марта маъруза қилдим. Бу ердагиларнинг ўрганишга иштиёқи кучли, шунинг учун келажакда яна келаман деб ўйлайман”, – деди у.
Олим йиғилганлар билан бўлиб ўтган савол-жавоб давомида “Бугунги космик пойгада ким ғолиб чиқади” деган саволга ҳам жавоб берди.
“Келажак ўз фикрини чекламай тажриба ўтказишга тайёр бўлганларники, уларнинг қаердан келгани ҳам муҳим эмас”, – деди америкалик олим.
Лоуренс Краусс коинот ҳақидаги қайси илмий-фантастик фильмлар ҳақиқатга яқинроқ эканлигини таъкидлайди.
“Космосга саёҳатнинг асл қиёфасини акс эттирувчи фильмлар жуда кам. Масалан, дўстим томонидан суратга олинган «Interstellar» фильмини олайлик, айтиш мумкинки, у барча илмий-фантастик фильмлар ичида энг реал бўлмагани. Унинг ёнида «2001: A Space Odyssey» яхшироқ. Аммо унинг ўзи илмий фантастика фильмлари келажакни аниқ башорат қила олмаслигини кўрсатади. Чунки 1968 йилда суратга олинган бу фильм 2001 йилга бориб барчамиз коинотдаги меҳмонхоналарда яшаймиз, деб башорат қилган эди. Аммо ҳозир коинотда ҳеч ким яшамайди. Чунки одамнинг коинотга учиши киноларда кўрсатилганидан кўра анча қийин”, – деди астрофизик.
Бундан ташқари, америкалик олим коинотдаги узоқ саёҳатларга фақат роботларни жўнатиш мумкинлигини айтди.
“Менимча, космосда саёҳат қилишнинг ҳақиқий имконияти одамлар учун мавжуд эмас. Чунки бизни коинот яратмаган. Мен кичик роботларни коинот бўйлаб саёҳатга жўнатишни истардим. Масалан, менга одамлардан кўра Марсда юрадиган қурилмалар кўпроқ ёқади. Аммо менинг дўстим Илон Маск бу фикрга қўшилмайди. Космик саёҳат жуда хавфли ва қиммат”, – деди Лоуренс Краусс.