Қозоғистонлик Юрий Польский Осиё теннис федерацияси президенти этиб сайланди
Қозоғистонлик Юрий Польский кейинги тўрт йилга Осиё теннис федерацияси (ATF) президенти этиб сайланди, деб хабар беради Kazinform.

Қозоғистон теннис федерацияси матбуот хизмати хабарига кўра, сайловлар Бангкокда ATFнинг умумий йиғилишида бўлиб ўтди.
ATF президентлиги учун Таиланд, Япония ва Шри-Ланкадан яна учта номзод бўлди. Сайлов натижаларида Юрий Польский яққол устунликка эга бўлиб, 55 овоздан 34 тасини олди.
Юрий Польский Осиё теннис федерацияси директорлар кенгашини ҳам бошқаради. У сўнгги тўрт йил давомида федерация вице-президенти бўлган.
“Ю.Польскийнинг сайланишига Қозоғистон теннис федерациясининг сўнгги 16 йил давомида узлуксиз олиб борилаётган ислоҳотлари таъсир кўрсатди. Ушбу тажрибани Қозоғистон теннис федерацияси вакиллари минтақавий ташаббуслар доирасида доимий равишда ўртоқлашмоқда. Бундай ўзгаришларни Осиёда амалга ошириш режалаштирилган. Айни пайтда дунёнинг 44 та давлатида теннисни жадал ривожлантириш имконияти мавжуд”, - дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Дмитрий Попко Туркиядаги турнир чемпиони бўлгани ҳақида ёзган эдик.
Муаллиф: Ғайсағали Сейтақ