Қозоғистонлик пишлоқ ишлаб чиқарувчилар Францияда ўтган танловда ғалаба қозонди

ASTANА. Кazinform — Қозоғистон фермерлари ва қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчилари Франциянинг Тур шаҳрида бўлиб ўтган Le Mondial du Fromage жаҳон пишлоқ танловида нуфузли совринларни қўлга киритиб, жаҳон ҳамжамиятининг эътиборини тортди. Бу ҳақда ҚР Қишлоқ хўжалиги вазирлиги хабар берди.

танлов совриндорлари
Фото: Қишлоқ хўжалиги вазирлиги

“Бир қишлоқ — бир маҳсулот” ташаббуси қарийб ўн йилдан буён муваффақиятли амалга оширилмоқда. Бу сафар у халқаро миқёсда ҳам ўз самарадорлигини исботлади.

Дунёдаги энг нуфузли пишлоқ ишлаб чиқарувчилар танловларидан бирида қозоғистонлик иштирокчилар 32 давлатдан келган номзодлар билан беллашди ва учта олтин, битта кумуш ва иккита бронза медалини қўлга киритди. Олтин медаллардан бирини кўкшетаулик беш фарзанднинг онаси Эльвира Муқашева қўлга киритди. Эльвира ўз фаолиятини уй шароитида табиий йогурт, кефир ва пишлоқ тайёрлашдан бошлади. Вақт ўтиши билан унинг севимли машғулоти профессионал бизнесга айланди ва у кунига 100 литргача сутни қайта ишлади. Кейинчалик у давлат грантларини олди - аввалига 1,4 миллион тенге, кейин 5 миллион тенге. Ушбу маблағлар совутгич ускуналари, сепаратор ва профессионал пишлоқ ишлаб чиқарувчи қозон сотиб олишга сарфланди.

пишлоқ
Фото: Қишлоқ хўжалиги вазирлиги

 

— Қозоғистонни жаҳон миқёсида намойиш эта олганимдан фахрланаман. Мамлакатимиз, айниқса, қишлоқ хўжалиги соҳасида улкан салоҳиятга эга, — деди тадбиркор.

Иккинчи олтин медални манғистаулик «Жеті лақ»(Еттита улоқ) фермер хўжалиги асосчилари қўлга киритди. Кобзевлар оилавий фермер хўжалигида пастеризацияланган эчки сути, қатиқ, айрон, сметана, творог, 12 турдаги пишлоқ етиштирилади. Бу ерда ҳар ой 3,5 тоннагача эчки сути қайта ишланади.

— “Қишлоқ депозити” каби давлат грант дастурлари ва ташаббусларида фаол иштирок этамиз. Давлат ёрдамисиз қишлоқда агробизнесни ривожлантириш жуда қийин бўлар эди. Қозоғистоннинг халқаро пишлоқ майдонидаги ғалабаси — барчамиз учун умумий ғурур, – дейди фермер хўжалиги вакили Александр Григолов.

совринлар
Фото: Қишлоқ хўжалиги вазирлиги

Учинчи олтин медални Бурабай тумани Қатаркўл қишлоғида яшовчи Руслан Соколов ўзининг “Бура” пишлоғи билан қўлга киритди.

— Le Mondial du Fromage менга алоҳида илҳом бахш этди. Танловда иштирок этиш ва бутун дунё пишлоқ ишлаб чиқарувчилари билан тажриба алмашиш бебаҳо имкониятдир. Олтин медаль нафақат қувонч, балки катта масъулият ҳамдир, — деди Соколов.

Қозоғистон пишлоқ ишлаб чиқарувчиларининг муваффақияти қишлоқ хўжалигини қўллаб-қувватлаш, миллий маҳсулотларни оммалаштириш, қишлоқ тадбиркорларини рағбатлантириш ва аграр иқтисодиётни ривожлантиришга қаратилган кенг қамровли давлат сиёсати самарадорлигини яққол намоён этди.

Эслатиб ўтамиз, Ҳукумат маҳаллий ишлаб чиқарувчилар ва кичик бизнесни қўллаб-қувватлашни кенгайтиради.

Сўнгги хабарлар