Қозоғистонлик 30 дан ортиқ мактаб ўқувчиси АҚШда робототехника бўйича ўтказиладиган мусобақада иштирок этади

Мусобақада Қозоғистоннинг барча вилоятларидан 700 дан ортиқ мактаб ўқувчилари иштирок этди. Натижада тўрт нафар иштирокчи Suleyman Demirel Universityнинг таълим грантига эга бўлди. Бундан ташқари, чемпионатда иштирок этган 10 та жамоа Москвадаги FIRST мусобақаларига, 6 таси Красноярскдаги мусобақаларга йўл олади.
Бу йил иштирокчилар «Юк ташиш» мавзусидаги топшириқларни бажаришди. Шу боис мактаб ўқувчилари ўзларининг ишланмаларини – кичик юкларни кўтарувчи, товарларни саралайдиган ва тўсиқларни айланиб ўтувчи роботларни намойиш этдилар.
Чемпионат якунига кўра, тўртта жамоа АҚШга йўлланмани қўлга киритди. Алмати, Семей ва Туркистон вилоятидан яна тўрт нафар мактаб ўқувчиси таълим грантини қўлга киритди. Чемпионатга мамлакатнинг кичик қишлоқ ва шаҳарларидан келган мактаб ўқувчиларини алоҳида таъкидлаш лозим. Бунгача Туркистон, Қизилўрда мактаб ўқувчилари ва ўқитувчилари учун робототехника бўйича тренинглар ва мусобақалар ўтказилган эди.
Мактаб ўқувчиларидан ташқари яна олти нафар ўқитувчи Best Mentor Award номинациясида FIRST мукофотларга сазовор бўлди. Ушбу мукофот совриндорларидан бири Асем Қасим Қарағанди вилояти ихтисослаштирилган «Дарин» иқтидорли болалар мактаб-интернатида информатика ва спорт робототехникаси фанидан дарс беради.
Шуни таъкидлаш керакки, FIRST Қозоғистон Республикаси Таълим ва фан вазирлиги томонидан мактаб ўқувчилари ва ўқитувчилари иштирок этиш учун тавсия этилган олимпиадалар рўйхатига киритилган. FIRST ҳомийлигида ҳар йили 6 ёшдан 18 ёшгача бўлган болалар ўртасида турли танловлар ўтказилади. Ҳар бир танлов мавзу ва вазифаларнинг мураккаблиги билан фарқланади. Вазифалар ҳақиқий дунё муаммолари - саноатни автоматлаштириш, тоғ-кон саноати, чиқиндиларни қайта ишлаш, космик тадқиқотлар, биотиббиёт ва бошқа муҳим мавзулар билан боғлиқ.