Қозоғистонга ҳар йили 200 нафар хорижлик олимлар жалб этилади
«Қозоғистон Республикасининг 2023-2027 йилларга мўлжалланган миграция сиёсати концепциясида таълим иммиграцияси йўналиши бўйича 5 та тадбир назарда тутилган. Шу нуқтаи назардан, академик мобиллик ва хорижий олимларни жалб этиш, дунёнинг етакчи олий таълим муассасалари билан ҳамкорликда филиал ва кампуслар ташкил этиш, шунингдек, олий таълим муассасаларини аккредитациядан ўтказиш тизимини модернизация қилиш эътиборга олиняпти. Ҳар йили 570 нафар талаба республика бюджети маблағлари ҳисобидан академик мобиллик доирасида дунёнинг етакчи олий таълим муассасаларига ўқишга (бир семестрга) юборилади. Шунингдек, олий таълим муассасаларининг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан ҳар йили ўртача 1500 нафар талаба таҳсил олади. Шунингдек, етакчи хорижий олимларни жалб этиш ишлари олиб бориляпти. Ҳар йили республика бюджети ҳисобидан 200 нафар чет эллик олимлар жалб этилади. Бу борада бир семестрлик ёки илмий алмашинув дастури ҳисобга олинади», – деди С. Нурбек.
Шу билан бирга, етакчи хорижий олий таълим муассасалари билан ҳамкорликни кенгайтиришга ҳаракат қилинаётганини айтди. Фақатгина 2023 йилнинг биринчи ярмида олий таълим муассасалари дунёнинг 82 давлати билан 5162 та шартномалар доирасида ҳамкорлик қилди. Ҳамкорликнинг асосий йўналишлари талабалар, ўқитувчилар ва олимлар билан академик алмашинув, қўшма илмий лойиҳалар ва академик дастурларни амалга оширишдан иборат.
«Ҳозирги кунда мамлакатимиздаги 90 дан ортиқ олий таълим муассасаларида 1500 га яқин қўшма илмий лойиҳа, 181 та икки томонлама диплом (1380 та талаба) ва 62 та қўшма таълим дастури (талабалар сони 1251 та) амалга ошириляпти», – деди Вазир.
Муаллиф: Руслан Ғаббасов