Қозоғистондаги ОТМлар ва илмий-тадқиқот институтлари ҳамкорликда иш олиб боради

Бу ҳақда Қозоғистон таълим ва фан вазири Асхат Аймағамбетов ўзининг Facebook даги саҳифасида ёзди, деб хабар беради Kazinform.
«Қозоғистон олий таълим муассасалари ва илмий-тадқиқот институтлари ҳамкорликда кадрлар тайёрлаш ва илмий тадқиқотлар олиб боришлари керак. Бу борада университетлар ва илмий-тадқиқот институтларининг имкониятларини бирлаштириш муҳим аҳамиятга эга. ОТМ ва илмий-тадқиқот институти ўртасида бу ишни мунтазам ташкил этиш бўйича шартномалар имзоланган», — деб ёзади Асхат Аймағамбетов.
Бу борада ҳамкорлик қилган ташкилотлар яхши натижаларга эришаётганини кўрамиз. Айрим ташкилотлар бу борада иш олиб бормоқда. Ал-Форобий номидаги Қозоғистон Миллий университети ва Биохавфсизлик илмий-тадқиқот институти ўртасидаги ҳамкорликни мисол тариқасида келтириш мумкин. Биргаликда олиб борилган ишлар туфайли янги «Вирусология» дастури ишлаб чиқилди ва қўшма диссертация кенгаши ташкил этилди. Университет талабалари, шунингдек, коронавирусга қарши вакцинани ишлаб чиққан олимлар билан ўзаро алоқа ўрнатишди. ОТМлар ва илмий-тадқиқот институтларининг интеграциялашуви нима учун зарур ва бунинг натижаси қандай бўлади?
1. Илмий-тадқиқот институтларида фаолият юритувчи етакчи олимлар олий таълим муассасаларида дарс беришга жалб этилади. Улар талабаларнинг илмий лойиҳаларини ҳам назорат қиладилар. Имзоланган келишувларга кўра, биринчи босқичда 300 нафар олим бу ишда иштирок этади. Шу пайтгача илмий-тадқиқот институтларида фаолият юритаётган олимлар таълим тизимига унчалик жалб қилинмаган бўлса-да, уларнинг талабаларга сабоқ бериши муҳим.
2. Олий таълим муассасалари ва илмий-тадқиқот институтлари дастлаб кадрлар тайёрлаш бўйича 500 та ўқув дастурларини ишлаб чиқадилар. Тадқиқот натижалари ўқув жараёнида қўлланилади. Машғулотлар бўйича ҳам ҳамкорликда иш олиб борилмоқда.
3. Магистрантлар ва докторантлар илмий-тадқиқот институтларига ташриф буюришлари мумкин ва уларнинг лабораториялари ва жиҳозлари улар учун очиқ бўлади. Келишувларга асосан Миллий ядро маркази, Ядро физикаси институти, Миллий биотехнологиялар маркази, Биологик хавфсизлик институти ва бошқа ноёб илмий лабораторияларда амалиёт ўташ тўғрисида шартнома тузилган.
4. Шунингдек, олий таълим муассасалари ва илмий-тадқиқот институтлари ходимларидан иборат юздан ортиқ қўшма диссертатсия кенгашлари фаолият юритади. Афсуски, шу пайтгача илмий-тадқиқот институти олимлари диссертация кенгашлари ишига унчалик жалб этилмаган.
5. E-lab ахборот тизимини яратишга қарор қилдик. Мазкур тизим ёрдамида тадқиқотчиларимиз мамлакатимиздаги қайси университет ёки институтда қайси лабораториялар мавжудлигини кўриши, олдиндан рўйхатдан ўтиб, техник имкониятларидан фойдаланиши мумкин. Бу муҳим лойиҳа, чунки университетларимизда турли лабораториялар мавжуд ва улардан тўлиқ фойдаланиш зарур.
«Таъкидлаб ўтмоқчиманки, биз амалга ошираётган чора-тадбирлар илмий-тадқиқот ишлари сифатини ошириш, илмий кадрлар тайёрлаш самарадорлигини ошириш ҳамда иқтидорли ёшларни илм-фанга кенг жалб этиш ва қизиқишини орттиришга кўмаклашмоқда, – деди вазир.