Қозоғистонда йил охиригача қанча соғлиқни сақлаш муассасалари қурилади
ASTANA. Kazinform - ҚР Молия вазири Мади Такиев парламент йиғилишида миллий лойиҳаларни амалга оширишнинг бориши ҳақида гапирди, деб хабар беради Kazinform агентлиги мухбири.

2024 йилда 3 та миллий лойиҳа: “Қулай мактаб”, “Қишлоқ соғлиқни сақлаш тизимини модернизация қилиш” ва “Арзон интернет” лойиҳаларини амалга ошириш учун турли молиялаштириш манбаларидан 751 миллиард тенге йўналтирилди.
“Қулай мактаб” миллий лойиҳасини амалга ошириш учун Миллий жамғарма маблағлари ҳисобидан ҳудудларга 647 млрд тенге йўналтирилди. 254 минг ўқувчи ўрни яратилди, 105 та мактаб қурилиши якунланди. 2025 йилда яна 112 та мактаб фойдаланишга топширилиши режалаштирилган.
“Қишлоқ соғлиқни сақлаш тизимини модернизация қилиш” миллий лойиҳасини амалга ошириш учун 91,3 миллиард тенге йўналтирилди. 460 та объектнинг қурилиши якунланди.
2025 йил охирига қадар 195 та соғлиқни сақлаш объекти қурилиши якунланади, 32 та кўп тармоқли марказий туман шифохоналари модернизация қилинади.
“Арзон интернет” миллий лойиҳасини амалга ошириш учун бошқа манбалар ҳисобидан 13 миллиард тенге ажратилди. 5G республика аҳамиятига молик шаҳарларнинг 30 фоизига, вилоят аҳамиятига эга шаҳарларнинг 15 фоизига тақдим этилган.