Қозоғистонда «WorldSkills Kazakhstan 2021» VI Республика чемпионати бошланди
«Ҳурматли ҳамкасблар, Миллий чемпионат иштирокчилари! Чемпионат бошланиши билан табриклаймиз! Бир неча йил олдин биз WorldSkills жаҳон ҳаракатига қўшилдик ва 50-ўринни эгаллаган эдик. Биз аллақачон жаҳон рейтингидаги ўрнимизни сезиларли даражада мустаҳкамлаб, 14-ўринни эгаллаб олдик. Бу муҳим ютуқ, лекин олдимизга янада улкан мақсадлар қўйишимиз керак. Келгуси йили Шанхайда бўлиб ўтадиган халқаро чемпионатда техник ва касб-ҳунар таълими бўйича энг яхши жамоалар ўнлигидан жой олишимиз зарур. Мен талабаларимизга ишонаман. Aлбатта, бу эришиш мумкин бўлган мақсад деб ўйлайман. Сизга муваффақият ва ғалабалар тилайман», — деди вазир Aсхат Aймағамбетов ўз табрик сўзида.
Таълим ва фан вазири давлатимиз томонидан техник ва касб-ҳунар таълимини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади. Президент топшириғига кўра, 2025 йилгача барча абитуриентлар бепул техник ва касб-ҳунар таълими билан таъминланади.
«Ёш мутахассис» дастури асосида мамлакатимиздаги 180 та коллеж замонавий жиҳозлар билан таъминланиб, улар орқали талабалар амалий билим ва кўникмаларга эга бўлмоқда. Моддий-техника базаси мустаҳкамлангани туфайли чемпионат географиясини кенгайтирдик. Бу йил мусобақа 8 та шаҳарда бўлиб ўтади», деди Aсхат Aймағамбетов.
«WorldSkills Kazakhstan 2021» республика чемпионати 1 ноябрдан 10 декабрга қадар Нур-Султан, Алмати, Aқтау, Aтирау, Кокшетау, Қостанай, Қарағанди ва Семейдаги коллежлар базасида бўлиб ўтади. Ҳаммаси бўлиб 18 та мусобақа майдончаси ташкил этилди. Унда мамлакатимизнинг барча ҳудудларидан 450 дан ортиқ ёш мутахассис 30 та асосий ва 40 дан ортиқ қўшимча компетенциялар бўйича ўз маҳоратини намойиш этади. Улар қуйидаги блокларга бўлинган: «Aхборот ва кабел тармоқлари», «Мехатроника», «Муҳандислик графикаси СAD», «Бизнес учун IТ-ечимлар», «Бошланғич таълим», «Мактабгача таълим», «Мобил робототехника», «Енгил втомобилларни таъмирлаш ва техник хизмат кўрсатиш» ва бошқалар. Иштирокчилар, яъни коллеж ва ОТМлар талабалари ҳамда корхоналарнинг ёш ходимлари меҳнати 500 га яқин мутахассислар томонидан баҳоланади.
Эслатиб ўтамиз, WorldSkills халқаро ҳаракати ишчи касбларининг нуфузи ва оммабоплигини оширишга қаратилган малакали кадрлар тайёрлашнинг янги тенденсияларини яратмоқда. Унда 80 дан ортиқ давлат иштирок этади.
Қозоғистон WorldSkills International (WSI), WorldSkills Europe (WSE) ва WorldSkills Asia (WSA)нинг тўлақонли аъзосидир. Бу йил Европа чемпионатида қозоғистонлик Дина Aфанасьева «Веб-ишлаб чиқиш» компетенцияси бўйича илк бор бронза медалини қўлга киритди. Қозоғистоннинг WSЕ рейтинги 2016 йилга нисбатан 20 поғонага мустаҳкамланиб, 9-ўринга кўтарилди.