Қозоғистонда волонтёрлар сони ортиб бормоқда

ASTANA. Kazinform – Қозоғистонда волонтёрлик ҳаракати жадал ривожланмоқда. 2024-2026 йилларга мўлжалланган Волонтёрликни ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш бўйича “Йўл харитаси” доирасида Миллий ҳамда 20 та ҳудудий фронт-офис тизимли фаолият юритмоқда.

волонтеры
Фото: freepik

2025 йилнинг биринчи ярмида мамлакат бўйлаб волонтёрлар иштирокида 27 мингдан ортиқ тадбир ташкил этилди. Бу ўтган йилга нисбатан бир неча баравар кўп.

Март ойида бошланган “Яхшилик қил” марафони ҳозиргача мамлакат бўйлаб давом этмоқда. Ушбу вақт ичида ижтимоий, экологик ва маданий йўналишларни қамраб олган 1600 дан зиёд хайрли иш амалга оширилди.

ҚР Президенти Қасим-Жомарт Тоқаевнинг топшириғига мувофиқ, МДҲ мамлакатлари волонтёрлари форумини ўтказиш учун халқаро низом ишлаб чиқилди ва шу асосда ҳар йили ўтказиладиган Волонтёрлар форуми ташкил этилди. Бундан ташқари, Қозоғистон 2026 йилда бўлиб ўтадиган Халқаро волонтёрлар йилига фаол тайёргарлик кўрмоқда. Жорий йил бошидан бери мамлакатнинг турли ҳудудларида 10 мақсадли гуруҳ учрашуви ўтказилди. Икки нафар қозоғистонлик волонтёр халқаро котибиятларга – Туркия ва Таиландга юборилди.

“Волонтёрлар қариялар ва болалар уйларида ёрдам кўрсатмоқда, қутқарув ишларидан тортиб таълим лойиҳаларигача турли соҳаларда фаоллик кўрсатмоқда. Шунингдек, фавқулодда ҳолатларнинг олдини олиш ва хавфсизлик йўналишларида ахборот ишлари олиб борилмоқда. Бутун мамлакат бўйича 63 ёшдан ошган фуқаролар учун ташкил этилган “Фаол узоқ умр” марказлари самарали иш олиб бормоқда. Улар ижтимоий, таълим, экологик ва маданий лойиҳаларда фаол иштирок этмоқда”, – дейилади ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги хабарида.

Ҳуқуқий волонтёрлик ҳам ривожланмоқда. Бугунги кунда мамлакатда 3,5 мингдан зиёд юрист, адвокат, нотариус ва юридик факультет талабалари аҳолига бепул ҳуқуқий ёрдам кўрсатмоқда. Йил бошидан бери 9 мингдан зиёд фуқаро маслаҳат олган.

Волонтёрлик фаолияти Qazvolunteer.kz онлайн-платформа орқали мувофиқлаштирилади. Ҳозирда ушбу платформада 3,7 мингдан зиёд ташкилот ва 1,2 мингга яқин лойиҳа рўйхатдан ўтган.

Қозоғистонда волонтёрлик ташаббуслар сони ортиб бормоқда. Яхшилик қилишга интилаётган, жамиятга фойда келтиришни мақсад қилган фаол фуқаролар сони ҳам йил сайин ошиб бормоқда.

Сўнгги хабарлар