Қозоғистонда уй олиш учун навбатда турганларга уй-жой таклиф қилиш талаби ўзгарди – Otbasy bank
«Бошланғич тўлов 10 фоиздан бошланган тақдирда кредитлар йиллик 2 фоиз ва 5 фоиз миқдорида берилади. Кредит муддати 20 йилгача бўлади», - дейилади Otbasy bank хабарида.
Маҳаллий ижро ҳокимияти органларида уй-жой олиш учун навбатда турган фуқароларнинг қуйидаги тоифалари йиллик 2 фоиз миқдорида имтиёзли кредит олиш учун ариза топширишлари мумкин:
1. Биринчи ва иккинчи гуруҳ ногиронлари;
2. Ногирон болалари бор ёки уларни тарбиялаётган оилалар;
3. Етим болалар ва ота-она қарамоғисиз қолган болалар;
4. «Алтын алқа», «Күміс алқа» белгилари билан тақдирланган ёки илгари «Қаҳрамон она» унвонини олган, шунингдек, «Она шуҳрати» ордени1 ва 2 даражаси билан тақдирланган кўп болали оилалар, кўп болали оналар. Айни пайтда 227 минг қозоғистонлик ушбу тўрт тоифа бўйича уй-жой кутмоқда. Уларнинг 51 минг нафари 1 ва 2-гуруҳ ногиронларидир.
«Агар ногиронлиги бўлган шахснинг даромади йўқ ёки етарли бўлмаса, у қўшимча қарз олувчиларни жалб қилиши мумкин. Илгари бунинг учун кафил сифатида фақат яқин қариндошлар – эр ёки хотин, шунингдек, вояга етган болалар иштирок этиши мумкин эди. 1 ва 2-гуруҳ ногиронлиги бўлган фуқароларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг уй-жой муаммоларини ҳал этишда кўмаклашиш мақсадида қўшимча қарз олувчилар рўйхати кенгайтирилди. Эндиликда улар ўзларининг биологик ота-оналари, фарзандликка олинганлар, бир ота-онадан туғилган ва бир ота-онадан туғилмаган ака-ука ва опа-сингилларини, шунингдек, бобо ва буви, невараларини кафил сифатида олиб келишлари мумкин. Квартира сотиб олиш шартномаси бевосита давлат дастури иштирокчиси билан тузилади», — дейилади банк хабарида.
Бундан ташқари, 2023-2029 йилларда уй-жой коммунал инфратузилмасини ривожлантириш концепциясига кўра, кредит бериш жараёнида барча тоифалар учун даромад чекловлари белгиланмаган. Илгари давлат дастурлари доирасида ҳар бир оила аъзосининг сўнгги олти ойдаги даромади 3,1 (2 фоизли ставкадаги кредит учун) ва 3,7 энг кам яшаш даражаси(5 фоизли ставкадаги кредит учун)дан ошмаслиги кераклиги талаб қилинган эди. Унинг миқдори 125 757 ва 150 098 тенгени ташкил қилган. Масалан, бу миқдор белгиланган меъёрдан камида 100 тенгега ошса, оила имтиёзли кредит олиб, уй-жой муаммосини ҳал қила олмасди.
«Бундан ташқари, концепцияга кўра, иштирокчилар кредитнинг максимал миқдори билан чекланмайди. Илгари, ҳудудга қараб, 10 миллиондан 18 миллион тенгегача эди. Эндиликда кредит суммаси квартира қийматидан келиб чиқиб ҳисобланади ва уй-жойнинг 1 квадрат метри нархи доирасида шакллантирилади. Ижтимоий уй-жой 3-4 тоифага тўғри келади ва квартиранинг максимал майдони 80 квадрат метрдан ошмайди«, - дея аниқлик киритди Otbasy bankдан.
Эндиликда давлат дастурида иштирок этиш учун аризалар кўчмас мулк объектлари доирасида оtbasybank.kz кўчмас мулк порталида қабул қилинади. Демак, энди Қозоғистон бўйлаб аризалар умумий қабул қилинмайди. Яъни, давлат дастурларининг потенциал иштирокчилари энди дарҳол маълум бир ҳудудда маълум бир квартирани танлаб, ариза топширадилар.
Масалан, Чимкент ва Ақтўбе шаҳарларида фуқаролар йиллик 2 фоиз ставкада кредит олиши мумкин бўлган объектлар тайёр. Демак, биринчи босқичда фақат шу икки вилоят аҳолисигина ҳужжат топшириши ва давлат дастурида иштирок этиши мумкин. Бошқа вилоятлар аҳолиси дастурда маълум бир ҳудуддаги кўчмас мулк маҳаллий ижроия органлари томонидан қуриладиган вақтга қараб иштирок этишлари мумкин.
«Банк веб-сайти ва ижтимоий тармоқлардаги маълумотларни кузатиб боришингизни сўраймиз. Концепцияда иштирокчиларни танлашнинг асосий мезонлари қуйидагилар бўлади: турар жой учун кутиш вақти ва қабул қилиш тоифаси. Яъни, ариза берувчилар орасидан потенциал иштирокчиларни танлашда биринчи навбатда 1 ва 2-гуруҳдаги ногирон болаларни тарбиялаётган оилаларга берилади. Фуқаро уй-жой кутаётган ҳудудда кўчмас мулк сотиб олиниши керак», — дейилади хабарда.
Муаллиф: Руслан Ғаббасов