Қозоғистонда ўртача иш ҳақи 423 минг тенгега етди
ASTANA. Kazinform – ҚР Ҳукуматидаги матбуот анжуманида Бош вазир ўринбосари Ермек Кўшербаев мамлакатда ижтимоий соҳада Давлат раҳбари топшириқлари доирасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, алоҳида эътибор эҳтиёжманд тоифаларни қўллаб-қувватлашга қаратилган: жорий йил бошидан буён пенсия тўловлари 8,5 фоизга оширилди, пенсиянинг ўртача миқдори 180 минг тенгени ташкил этди, ушбу мақсадларга умумий харажатлар 4 трлн тенгеден ошди. Ҳозирда 245 минг қозоғистонлик оила таъминоти бўйича мақсадли ижтимоий ёрдам оляпти, жами 16,2 миллиард тенге ажратилган.
“Президентимиз Ҳукумат олдига аҳоли фаровонлигини ошириш, эҳтиёжманд тоифаларни ҳимоя қилиш ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш вазифасини қўйган. Шу йўналишда кенг қамровли ишлар олиб бориляпти. Бугунги кунда давлат ижтимоий мажбуриятларини тўлиқ бажаряпти. Давлат бюджети харажатларининг ярмидан кўпи айнан ижтимоий соҳаларга йўналтирилган. Агар айрим тоифаларни алоҳида келтирсак, болали оилаларни қўллаб-қувватлаш борасида жорий йил бошидан 1,2 миллион болали оилага тўланадиган нафақалар 6,5 фоизга оширилди. Бу мақсадда Республика бюджетидан 870 миллиард тенге ажратилди, бу 2024 йилга нисбатан тахминан 17 фоизга кўп”, – деди Бош вазир ўринбосари.
Ермек Кўшербаев таъкидлашича, иш ҳақини ошириш масаласи кўплаб фуқаролар учун долзарб бўлиб қолмоқда. Унинг маълум қилишича, мамлакатда ўртача ойлик иш ҳақи ошиб, 423 минг тенгега етди. Унинг қайд этишича, энг кам иш ҳақининг оширилиши 600 минг нафар фуқаролик хизматчисининг даромадлари ошишига хизмат қилган.
“Ярим йиллик якунларга кўра 250 минг киши ишга жойлаштирилди. Бу йўналишда рақамли платформа жорий қилинмоқда. Асосий мақсад – ҳақиқатда ёрдамга муҳтож оилаларни қўллаб-қувватлаш. Бу Давлат раҳбарининг тўғридан-тўғри топшириғидир”, – деди Бош вазир ўринбосари.