Қозоғистонда Ҳукуматнинг бешта функцияси маҳаллий ижро этувчи органларга ўтказилади
Қонун лойиҳасининг мақсади давлат бошқарув органларининг даражалари ўртасида ваколатларни янада қайта тақсимлашдан иборат бўлиб, унинг ривожланиши аввалги маъмурий ислоҳотларнинг давоми бўлади. Лойиҳа Президент топшириқлари, стратегик ҳужжатларда белгиланган устувор йўналишлар ҳамда мутахассисларнинг тавсияларини инобатга олган ҳолда тайёрланди.
«Уни ишлаб чиқиш жараёнида марказий ва маҳаллий даражада давлат функцияларини таҳлил қилиш бўйича катта ишлар амалга оширилди. Қонун лойиҳасида 46 та қонун ҳужжатларига, жумладан, 2 та кодекс ва 44 та қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш назарда тутилган. Қонун лойиҳасига мувофиқ, 68 та функция, жумладан, 63 та функция Ҳукуматдан вазирликларга, 5 та функция маҳаллий ижро этувчи органларига қайта тақсимланади. Бундан ташқари, 4 та давлат органига (ЭГТРВ, ИИВ, РРИАСВ, Мудофаа вазирлиги) қўшимча ваколатлар берилади», — деди Миллий иқтисодиёт вазири Aсет Ерғалиев.
Унинг сўзларига кўра, умуман олганда, қонун лойиҳасининг қабул қилиниши давлат бошқарувининг самарали тизимини шакллантиришда яна бир қадам бўлиб, унинг мустақиллигини янада оширади.
«Қонун лойиҳаси давлат ҳокимияти ва бошқаруви босқичлари ўртасида аниқ ваколатларни ажратиш бўйича олиб борилаётган сиёсатнинг узлуксизлигини таъминлашга қаратилган. Лойиҳани амалга ошириш давлат бюджетидан қўшимча молиявий харажатларни талаб қилмайди ва салбий ижтимоий-иқтисодий ва ҳуқуқий оқибатларга олиб келмайди», — деди вазир.
Ўз навбатида, Сенатнинг Иқтисодий сиёсат, инновацион ривожланиш ва тадбиркорлик масалалари қўмитаси аъзоси, депутат Лаззат Рисбекова мазкур қонун лойиҳаси Қозоғистон Республикасининг 46 та қонун ҳужжатларига, жумладан, Бюджет ва Жиноят-ижроия кодексларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритишни назарда тутаётганини маълум қилди.
Бундан ташқари, қонун лойиҳасида Таълим ва фан, Индустрия ва инфратузилмани ривожлантириш, Қишлоқ хўжалиги вазирликларининг айрим функцияларини маҳаллий ижро етувчи органлар ваколатига ўтказиш назарда тутилган.
«Шунингдек, Экология, Геология ва табиий ресурслар, Мудофаа, Ички ишлар, Рақамли ривожланиш, Инновациялар ва аэрокосмик саноат вазирликларининг айрим масалалар бўйича ваколатларини кучайтириш бўйича қатор қўшимча функциялар тақдим этилади», — деди Л. Рисбекова.
Муаллиф: Руслан Ғаббасов