Қозоғистонда «Турк дунёсида иқтисодий алоқа ва интеграция» мавзуида экспертлар йиғилиши бўлиб ўтди
Тадбирнинг очилиш маросимида Туркий тиллар академияси президенти Шаҳин Мустафоев, Қозоғистон Республикаси ташқи ишлар вазири ўринбосари Қанат Тумиш, ТДТ Оқсоқоллар кенгаши аъзоси, Озарбайжон Республикасининг собиқ Бош вазири ва собиқ Ташқи ишлар вазири Гасан Гасанов, Турк академиясининг президенти Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари кенгаши Бош котиби Қайрат Сарибай, Қирғизистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Миллий стратегик тадқиқотлар институти Ҳуқуқий ва сиёсий тадқиқотлар маркази раҳбари Автандил Арабаев, Туркия Республикаси коммерция ва савдо вазирлиги Савдо тадқиқотлари ва таваккалларни баҳолаш бош директори ўринбосари Раиф Жан, Венгрия ташқи алоқалар институти ва савдо бош маслаҳатчиси Ласло Васа, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар марказининг мутахассиси Фазлиддин Насриддинов ва қардош давлатларнинг элчилари иштирок этди.
Икки кунга мўлжалланган коллегиал йиғилиш қардош давлатлар ўртасидаги иқтисодий ҳамкорликни мустаҳкамлаш йўлларини кўриб чиқишга бағишланди. Учрашувда иштирокчилар ТДТга аъзо мамлакатлар ўртасидаги иқтисодий ҳамкорлик салоҳияти юзасидан фикр алмашдилар ва Турк дунёси иқтисодий сиёсати тадқиқот марказларининг умумий тармоғини яратиш имкониятларини муҳокама қилдилар.
Шу билан бирга, қардош мамлакатлар экспертлари ТДТга аъзо мамлакатлар Давлат раҳбарлари томонидан қабул қилинган «Туркий олам – 2040» стратегиясини амалга ошириш имкониятлари бўйича ўз фикр-мулоҳазаларини билдириб, таклифларини илгари сурди.
Йиғилишнинг очилиш маросимидан сўнг семинар иши икки секцияда давом этди.
Хусусан, «Миллий тараққиётнинг устувор йўналишлари ва Туркий мамлакатларнинг иқтисодий ҳамкорлигини чуқурлаштириш мақсадлари» деб номланган биринчи бўлимда экспертлар мавжуд миллий стратегик ҳужжатлардан келиб чиқиб, келгуси беш йилга мўлжалланган ривожланиш устувор йўналишларини тақдим этдилар.
Туркий давлатлар ҳамкорлигидаги муҳим бурилиш нуқтаси 2021 йилда Истанбулда бўлиб ўтган Давлат раҳбарлари саммити бўлиб, унда Турк дунёсининг 2040 йилга мўлжалланган қарашлари (Vision 2040) қабул қилинди ва шу тариқа туркий давлатлар билан интеграция бўйича бирқатор ишларга йўл очилди. 2022 йилда Самарқандда бўлиб ўтган Туркий давлатлар ташкилотининг 9-саммити бу ижобий суръатни янада мустаҳкамлаб, Туркий давлатлар ташкилотининг 2022-2026 йилларга мўлжалланган стратегиясини қабул қилиб, «Туркий олам – 2040» истиқболини амалга ошириш йўлидаги биринчи қадамни белгилади.