Қозоғистонда суғурта полисини олишда ҳайдовчиларнинг маданияти ҳисобга олинади

Хусусан, бугун Парламент ялпи мажлисида «Қозоғистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига суғурта бозори ва қимматли қоғозлар бозорини тартибга солиш ҳамда ривожлантириш масалалари бўйича ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси маъқулланди. Ушбу ҳужжат суғурта полислари нархини пасайтириш чораларини ҳисобга олади.
«Ҳозирда ҳайдовчилар суғурта полисларини сотиб олишмоқда. Охирги марта қонунга 2007 йилда ўзгартиришлар киритилган эди. Ҳар йили полиснинг миқдори ойлик ҳисоб-китоб кўрсаткичининг миқдорига қараб ўзгаради. Эндиликда тасдиқланган ҳужжатга кўра, янги ўзгаришлар ҳисобга олинди. Суғурта суммасига қандай талаблар қўйилади? Биринчидан, бу автомобил эгасининг яшаш жойига боғлиқ. Нур-Султанда йўл-транспорт ҳодисалари ва суғурта ҳолатлари кўп, Петропавлда кам учрайди. Шунга кўра, полис учун тўловни амалга оширишда унинг тарифи пойтахт ва Чимкентдаги кўплаб бахтсиз ҳодисаларни ҳисобга олади. Яъни, Шимолий Қозоғистон вилоятидаги ҳайдовчилар арзон суғурта полисига эга бўлади», — деди Дания Еспаева.
Шунингдек, у қонун лойиҳасида ҳайдовчининг йўлда ўзини тутиши ҳисобга олинишини айтди.
«Агар сиз йўл ҳаракати қоидаларини камдан-кам бузсангиз, полисни олганингизда бу ҳолат ҳисобга олинади. Шу нуқтаи назардан, имтиёзлар бериш учун ишлатиладиган «бонус-малус» коэффициентлари киритилган. Шу муносабат билан келгусида автомобил эгалари учун суғурта полислари нархининг пасайиши кутилмоқда», — деди у.
Муаллиф: Руслан Ғаббасов