Қозоғистонда саноатнинг миллий ахборот-рақамли экотизими яратилади
ASTANА. Кazinform — Маҳаллий ишлаб чиқарувчилар реестри 2026 йил 1 январда ишга туширилади. Бу ҳақда ҚР Саноат ва қурилиш вазири Ерсайин Нағаспаев Ҳукумат йиғилишида маълум қилди.
— Қайта ишлаш саноатини рақамлаштириш икки асосий йўналишда амалга оширилмоқда. Биринчиси, ишлаб чиқаришни рақамли трансформация қилиш. Бу йўналиш рақамли ечимларни тўғридан-тўғри ишлаб чиқаришга жорий этишни ўз ичига олади. Ўтган йил натижаларига кўра, рақамли технологияларни жорий этган корхоналар улуши 12,9 фоиздан 19 фоизга, уларнинг сони эса 390 тадан 1073 тага ошди. 246 та корхонада киберхавфсизлик воситалари, 142 тасида булутли технологиялар ва 72 та корхонада сунъий интеллект ечимлари жорий этилди. Саноат роботлари 48 та ишлаб чиқариш объектида фаолият юритмоқда, — деди у.
Вазирнинг сўзларига кўра, кончилик ва металлургия соҳасида роботларнинг виртуал нусхалари, ишлаб чиқариш майдонларидан тўпланган катта маълумотларни қайта ишлаш, компьютер кўриш технологиялари ва робот ускуналари қўлланилади.
Кимё саноатида ресурсларни режалаштириш тизимлари, шунингдек, меҳнат хавфсизлигини таъминлаш воситалари фаол жорий этилмоқда.
Машинасозликда виртуал ўқитиш тизимлари, қисмларни 3D-сканерлаш ва сунъий интеллект технологияларидан фойдаланилмоқда.
— Бундан ташқари, Давлат раҳбарининг топшириқларига мувофиқ, сунъий интеллект технологияларини жорий этиш бўйича Йўл харитаси ишлаб чиқилди. Йўл харитаси доирасида «СарыарқаАвтоПром», «Қазфосфат», «Qarmet», «Қазцинк», ERG каби йирик корхоналарда 41 та лойиҳа амалга оширилмоқда, — деди Ерсайин Нағаспаев.
Вазир рақамлаштиришнинг иккинчи йўналиши давлат томонидан тартибга солиш ва қўллаб-қувватлаш воситаларини ўз ичига олишини таъкидлади.
— Бу давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чораларини автоматлаштириш ва тизимлаштириш, мониторинг ва назоратни таъминлаш, шунингдек, бизнесни қулай рақамли хизматлар билан таъминлашни ўз ичига олади. Шу мақсадда саноатнинг миллий ахборот-рақамли экотизими яратилади. Тизимнинг асосий компонентлари босқичма-босқич ишга туширилмоқда, — деди у.
Вазир ҳозирда ер қаъридан фойдаланувчиларнинг харид фаолиятини таҳлил қилиш имконини берувчи Tizilim ахборот тизими ишлаётганини таъкидлади.
— Унда 6 мингдан ортиқ мижоз ва 900 та маҳаллий ишлаб чиқарувчи рўйхатдан ўтган. Бундан ташқари, 1 январдан бошлаб Маҳаллий ишлаб чиқарувчилар реестри ишга туширилади, бу эса давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чоралари самарадорлигини ошириш имконини беради, — деди Ерсайин Нағаспаев.
Эслатиб ўтамиз, 2025 йилда қайта ишлаш саноати 6,1 фоизга ўсди ва ишлаб чиқариш ҳажми 16 трлн тенгедан ошди.