Қозоғистонда ОТМларига 93 мингта грант ажратилди
ASTANA. Kazinform – Қозоғистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Ермек Кўшербаев Ҳукуматда бўлиб ўтган матбуот анжуманида мамлакатда таълим соҳасини ривожлантириш юзасидан Президент топшириқларига асосан амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берди.

Бош вазир ўринбосарининг сўзларига кўра, жорий йилда олий таълим муассасаларига, шу жумладан магистратура ва докторантурага кириш учун 93 мингта грант ажратилган. Қозоғистонда етакчи хорижий университетларнинг 24 та филиали очилган. Талабалар стипендиялари икки баробар оширилган, коллежларни молиялаштириш ҳам кўпайган. Янги талабалар тураржойлари қурилиши туфайли жойлар етишмаслиги 72 фоизга камайган. Натижада мазкур муаммо анча ҳал қилинган, бу йўналишдаги ишлар давом эттирилади.
Бундан ташқари, йил бошидан буён мамлакат бўйлаб 13 минг ўринга мўлжалланган 172 та боғча фаолият бошлаган. Бу эса боғча навбатларини қисқартиришга хизмат қилмоқда.
Президент топшириғига мувофиқ 1,7 миллион мактаб ўқувчиси бепул иссиқ овқат билан таъминланмоқда. Улар орасида ижтимоий ҳимояга муҳтож 99 минг бола бор. Уларни қўллаб-қувватлаш учун 18,4 миллиард тенге ажратилган. Янги овқатланиш стандарти жорий этилган: сабзавотлар кўпроқ, шакар камроқ, зарарли маҳсулотлар бутунлай чиқарилган.
«Миллий жамғарма – болаларга» дастури доирасида 6,8 миллион боланинг номига келажакда таълим ёки уй-жой учун сарфланиши мумкин бўлган маблағлар ҳисобланди.
Мактаблар қурилиши ва модернизацияси давом этмоқда. Сўнгги икки йилда 388 минг ўринга мўлжалланган 274 та янги мактаб очилган. Улардан 115 таси «Қулай мактаб» Миллий лойиҳаси доирасида барпо этилган. Ҳозирги кунда яна 177 та мактаб қурилаётгани маълум қилинди.
“Президент топшириғига мувофиқ 245 та мактабда комплекс таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда. Бу умумтаълим мактаблари стандартларини қулай мактаблар даражасига яқинлаштириш имконини беради. Натижада 95 мингдан зиёд ўқувчининг таълим олиш шароити яхшиланади”, – деди Ермек Кўшербаев.